Асқар Акаев: Қонун ва Конституцияга кўра, ҳеч ким мени Қирғизистоннинг собиқ президенти мақомидан маҳрум қилмаган

Асқар Акаев. forbes.kz сайти фотосурати

Мустақил Қирғизистоннинг биринчи раҳбари Асқар Акаевнинг айтишича, қонун ва Конституцияга кўра, уни ҳеч ким собиқ президент мақомидан маҳрум қилмаган. Бу ҳақда сиёсатчи YouTubeдаги «Накта» ​​канали муаллифларига берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади Kaktus.media.

Республика собиқ раҳбарининг тушунтиришича, 2005 йили мамлакатнинг ўша пайтдаги раҳбари Қурманбек Бакиев ўзидан олдинги президент жиноятларини текшириш учун комиссия тузган, бироқ экспертлар уни айбдор деб топмаган. Боз устига, орадан уч йил ўтиб, Ақаевни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш масаласи парламент муҳокамасига қўйилган. Аммо ҳатто депутатлар, жумладан Бакиевнинг кўплаб тарафдорлари ҳам бундай қарор қабул қилиш учун ҳеч қандай асос тополмаганлар.

Қирғизистон биринчи президентининг сўзларига кўра, унинг мақоми билан боғлиқ воқеа 2010 йилда, инқилоб пайтида ағдарилган Бакиев хорижга қочиб кетганидан кейин ҳам давом этган. Бу сафар процедура ташаббускорлари Акаевнинг муросасиз сиёсий рақиби Азимбек Бекназаров ва муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева бўлган.

«Улар Ақаевни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида қонунга, конституцияга зид фармон чиқардилар. Ўшандаям бир хил айбловлар қўйилган: бойиб кетиш, Ақси воқеалари, чегара масалалари. Муваққат ҳукумат декрети республиканинг барча эски ва амалдаги қонунларига зиддир»,дея таъкидлайди Қирғизистоннинг биринчи раҳбари.

Акаевнинг халқаро судга мурожаат қилинган тақдирда, 2010 йилги фармон кучсиз ва конституцияга зид деб топилишига ишончи комил. Лекин у судга бериш ниятида эмас.

Собиқ президент нега авваллари ўз мақомини тиклаш учун овора бўлмаганини ҳам тушунтиради. Унинг сўзларига кўра, мамлакатни «сиёсий авантюристлар» Бакиев, Отунбаева, Алмазбек Атамбаевлар бошқарганида, парламент албатта салбий қарор қабул қилган бўларди. Акаев эса ҳозирги ҳукуматни адолатли деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, сиёсатчи 20 йил давомида у ҳеч қачон собиқ президент имтиёзларидан фойдаланмагани, бундан кейин ҳам фойдаланиш ниятида эмаслигини айтган.

«Котиба, хавфсизлик, машинабуларнинг менга кераги йўқ. Умримнинг охирида мен яхши номимни тиклашни хоҳлагандим. <...> Мен парламент адолатли қарор қабул қилишини ва буни жамоатчилик билишини истардим»,дея хулоса қилади Акаев.

👉 Акаевнинг 2010 йили муваққат ҳукумат декрети билан маҳрум этилган собиқ президент мақомини қайтариш ҳақидаги мактуби сентябрь ойи бошида Жогорку Кенешга (парламент) келиб тушган.

25 сентябрь куни депутатлар мамлакат собиқ раҳбарининг мазкур илтимосини рад этишди.

ℹ️ Асқар Акаев Қирғизистонни мустақилликнинг илк йилларидан 2005 йилгача бошқарган. Мамлакатда инқилоб юз бериб, Қурманбек Бакиев ҳокимиятга келгач, собиқ президент ва унинг оила аъзолари Россияга қочиб кетади. Москвада у илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланган. Кейинчалик Акаевга нисбатан ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда иштирок этганлик, 1992 йили «Камеко» компанияси билан бош шартнома тузишда ва 2003 йили «Қумтор» лойиҳасини қайта қуриш эпизодларида масъулиятсизлик қилгани айби қўйилган. Бироқ, 2021 йил августида Акаев Қирғизистонга келиб, «Қумтор» иши бўйича тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берганидан сўнг, у ўз ватандошларига видеомурожаат қилиб, унда «Қумтор» лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишдаги хатоларини тан олган ва улар учун узр сўраган. 2023 йили Ақаевга нисбатан жиноий таъқиб даъво муддати тугагани сабабли тўхтатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати