Қирғизистон Олий суди раиси лавозимини Медербек Сатиев эгаллади

Медербек Сатиев. gov.kg сайти фотосурати

Медербек Сатиев Қирғизистон Олий суди раиси этиб тайинланди. Бу ҳақдаги фармонни 24 октябрь куни мамлакат президенти Садир Жапаров имзолади.

Медербек Сатиев 1974 йил 3 мартда туғилган. 1996 йили Қирғизистон Давлат Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Суд тизимида ишлаган. 2013 йили у ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга уринганликда айбланган 5-чақириқ депутатлари Садир Жапаров, Қамчибек Ташиев ва Талант Мамитовни оқлаган Бишкек шаҳар суди жиноий ишлар бўйича судялар ҳайъати таркибида бўлган. Шундан сўнг Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Сатиевни ишни кўриб чиқишда Жиноят-процессуал кодекси нормаларини қўпол равишда бузганликда айблаб, ишдан бўшатган эди.

Сатиев 2020-2021 йиллари мамлакат президенти аппарати раҳбари ўринбосари, 2022-2023 йиллари Олий суд ҳузуридаги суд-ҳуқуқ департаменти директори, 2024 йилдан эса Олий суд судяси лавозимларида ишлаган.

Сатиевдан олдинги Олий суд раҳбари Замирбек Базарбеков 2024 йил 9 октабрда ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан, сабаби номаълум. Икки кундан кейин Жапаров унинг истеъфосини қабул қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати