Қозоғистон ҳукумати мамлакат ҳудудидан Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишини истамайди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко Польшанинг РАР агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
«Қозоғистон Россияга қарши санкциялар киритмади, Қозоғистон Россияга қарши санкцияларга ҳам қўшилмади. Шу билан бирга, биз ҳудудимиз санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатилишини истамаймиз», — деди Василенко. Остона позицияси барча манфаатдор томонларга – Ғарбда ҳам, Россияда ҳам маълум, дея қўшимча қилди у.
«Биз Европа Иттифоқи билан санкцияларга доир масалалар бўйича мулоқот олиб боряпмиз. Санкциялар четлаб ўтилишига йўл қўймаслик учун чоралар кўряпмиз, чунки биз компанияларимизнинг иккинчи даражали санкцияларга дучор бўлишини истамаймиз. Биз Ғарб давлатлари, ЕИ ва Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О'Салливаном (David O'Sullivan) билан мулоқот олиб боряпмиз», — деди Василенко.
Шу билан бирга, журналистнинг Қозоғистон ва Россия ўртасидаги кескинлик кучайиши ҳақидаги саволига жавоб бераркан, Василенко икки давлат ўртасидаги муносабатларда «ҳеч қандай муаммо» йўқлигини таъкидлади. «Турли саволлар мавжуд, чунки биз қўшнимиз ва муносабатларимиз жуда хилма-хил. Биз бу масалалар муаммога айланмасидан олдин уларни ҳал қилиш учун Россия билан ишлаяпмиз», — дея тушунтирди у, —Бундай ёндошувимиз нафақат РФга, балки бошқа ҳар қандай давлатга ҳам таалуқли».
Россиянинг Украина ҳудудига махсус ҳарбий операция бошлаганидан кейин Қозоғистон АҚШ ва Европа давлатларининг Москвага қарши санкцияларини қўллаб-қувватламади. Шу билан бирга, Остона улар ўрнатган санкциялар режимига амал қилишини ва Россияга уларни четлаб ўтишга ёрдам бермаётганини бир неча бор таъкидлади.