Москвада тожикистонлик фуқаро АҚШ фойдасига давлатга хиёнат қилганликда айбланди

Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Асли тожикистонлик Фируз Дадобоев Москва шаҳар суди томонидан давлат сирларига оид маълумотларни АҚШ Марказий разведка бошқармасига беришга урингани учун 13 йилу 6 ойга қаттиқ тартибли колонияга ва 300 минг рубль миқдорида жаримага ҳукм қилинди. Бу ҳақда Россия ФХХнинг Жамоатчилик билан алоқалар марказига (ЖАМ) таяниб, ТАСС хабар берди.

«Аниқланишича, Дадобоев ноқонуний йўл билан олинган ва давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни <...> Америка разведкаси вакилига бермоқчи бўлган. Шу мақсадда у Марказий разведка бошқармаси билан алоқа ўрнатган. <...> Дадобоев айбини тан олган ва қилмишидан пушаймон бўлган», — дейилади ЖАМ хабарида.

47 ёшли Дадобоев икки фуқароликка эга. У Москва тижорат компанияларидан бирида IТ-мутахассиси сифатида ишлаган. У 2022 йил октябрь ойида «тўпланган махфий материалларни беришга уринаётганда» қўлга олинган. Дадобоевга нисбатан Федерал Хавфсиздик Хизматининг (ФСБ) Москва ва Москва вилояти бўйича бошқармаси тергов бўлими томонидан РФ Жиноят кодексининг 275-моддаси («Давлатга хиёнат») бўйича иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ҳукм қонуний кучга кирмаган.