Қирғизистон МХДҚ раҳбари ўзи ва оиласига таҳдид қилувчи мактуб олганини маълум қилди

Қамчибек Ташиев. Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев мактуб ва флеш-диск солинган пакет олганини маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

«Бугун эрталаб ишга келдим, почтамга мана бу пакет келибди. Конвертнинг ички қисми муҳрланган. Унда фақат битта флеш-диск бор эди, бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Бу флеш-дискни сизга бераман. Мен уни фақат президентга кўрсатдим», — деди Ташиев 20 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, мактубда унинг ўзига ва оиласига таҳдидлар битилган.

«Агар эртага менга ёки оиламга бирор нарса бўлса, бу ҳақда олдиндан огоҳлантириш юборилганини жамоатчилик билсин. Мен ўз хавфсизлик гуруҳим орқали текширув ўтказдим. Давлат раҳбари бу борада текширув ўтказишимизни сўради. Мактубда шартларни бажаришим кераклиги, шундагина улар оиламни йўқ қилмасликлари ёзилган», — деди Ташиев.

Унинг сўзларига кўра, мактуб муаллифи маълум бир махсус хизмат вакили экани ва «унга олигархлар ва жиноятчилар кўп пул тўланганини» хабар қилган.

«Менга таҳдид қилганларга мурожаат қилмоқчиман: мен сиздан қўрқмайман. Мен ватаним фаровонлиги учун ишлайман. Ҳа, сизни ўн миллионлаб долларларни олмаганим ғазаблантирган. Мамлакатимизда сизларга — уюшган жиноий гуруҳларга, олигархларга ўрин йўқ. Мени йўқ қилолгандагина қайтиб келишингиз мумкин. Аммо тирик эканман, бу йўлимдан қайтмайман», — деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси.

Ташиевнинг қўшимча қилишича, у махсус хизмат бошлиғи лавозимида ишлаб келаётгандан буён мамлакат президенти Садир Жапаровга нисбатан икки марта, ўзига нисбатан эса беш-олти марта суиқасднинг олди олинган.

МХДҚ раҳбари, шунингдек, 2020-2024 йиллари «уюшган жиноий гуруҳлар, жиноятчилар ва инсофсиз олигархлардан» давлатга 10 триллион сомдан ортиқ — қарийб 125 миллиард доллар қайтарилганини маълум қилди.

▶️ Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати МХДҚ раҳбариятига суиқасд уюштиришда айбланаётган қирғизистонлик қўлга олингани ҳақида хабар берди. Иссиқкўл вилоятининг Бўстери қишлоғида туғилган 41 ёшли Руслан Дуйшеев 2023 йил октабрь ойида ўлдирилган Қамчи Қўлбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоси ҳисобланади. Дуйшеев 16 ноябрь куни қўлга олинган ва тергов изоляторига жойлаштирилган. У уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унда иштирок этишда айбланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ