28 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти кенгашида тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли давлатлараро дастур қабул қилинади. Бу ҳақда КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов Беларуснинг СТВ телеканалига берган интервьюсида гапириб ўтди.
Тасмагамбетовнинг сўзларига кўра, ҳужжатнинг имзоланиши КХШТ мамлакатларига чегаранинг ушбу участкасини биргаликда мустаҳкамлаш ва шу орқали Марказий Осиё хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
«Афғонистон масаласи Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти фаолиятининг долзарб йўналишларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиё учун эса бу жуда муҳим. Гарчи вазият барқарорлашган ва аста-секин тинч йўналиш сари интилаётгандек кўринса-да, шунга қарамай, Афғонистон ҳудудида ҳали ҳам етарлича террорчилик ташкилотлари мавжуд», — деди Бош котиб.
Унинг сўзларига кўра, дастур лойиҳаси аллақачон Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги кенгашлари ва КХШТ Хавфсизлик кенгашлари котиблари қўмиталари даражасида келишилган. Тасмагамбетов таъкидлаганидек, котибият 13 йил аввал тузилган дастурни қабул қилиш қарорида консенсусга эришган.
Консенсус нимадан иборат экани номаълумлигича қолмоқда. Бундан ташқари, дастур тафсилотлари тўлиқ аниқ эмас. КХШТ Парламент Ассамблеяси сайтида фақатгина дастур беш йилга мўлжалланганлиги ва уч босқичга бўлинганлиги қайд этилган. Биринчи босқич доирасида бир йил мобайнида Тожикистон томони чегаранинг айрим участкаларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар киритиши ва шу вақт ичида иштирокчи давлатлар Тожикистон давлат чегарасини ҳимоя қилиш учун ажратилиши мумкин бўлган моддий ва бошқа ресурсларни аниқлаши керак. Шундан сўнг иккинчи ва учинчи босқичлар бўлади, унинг доирасида чегарани яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади.
ℹ️ Коллектив хавфсизлик шартномаси 1992 йил 15 майда Тошкентда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан имзоланган. 1993 йили Озарбайжон, Беларусь ва Грузия КХШТга қўшилган. Кейин Озарбайжон ва Грузия ташкилотни тарк этган. Ўзбекистон 1999 йили КХШТдан чиққан, 2006 йили яна қайтган, аммо 2012 йили аъзоликни тўхтатган. Шундай қилиб, КХШТга энди олтита давлат киради: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон.