РФ Давлат Думаси «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласини кўриб чиқади

Толиблар. topwar.ru сайти фотосурати

Россиялик бир гуруҳ сенаторлар ва депутатлар ўз ҳамкасблари муҳокамасига мамлакатда тақиқланган ташкилотлар, жумладан «Толибон»* мансуб бўлмиш халқаро ташкилотларни вақтинча рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат Давлат Думасининг қонунчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимида нашр этилди.

Ҳужжатга кўра, агар ташкилот «терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолиятини тўхтатган бўлса», расмийлар террорчилик ташкилоти мақомини «вақтинча тўхтатиш» имкониятига эга бўлади. Суд Бош прокуратуранинг аризасига асосан «террорчилар» рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Ташкилот вакилларининг даъвони кўриб чиқишдаги иштироки шарт эмас.

Бир кун аввал, 25 ноябрь куни Кобулда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ва Афғонистон Бош вазири ўринбосари Абдул Ғани Барадар Охунд ўртасида музокаралар ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Шойгу «Россиянинг Афғонистон билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ниятини маълум қилиб, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун «Толибон»ни қора рўйхатдан чиқариш режаларига ишора қилган». Ўз навбатида, Охунд ўз мамлакатининг «Шимол-Жануб «иқтисодий коридорини, шунингдек, минтақадаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнашга» тайёр эканини таъкидлаган.

Ҳозирги вақтда Россия қонунчилигида тақиқланган ташкилот фаолиятини тўхтатиб туриш имконини берувчи механизм назарда тутилмаган. Депутатлар муҳокамасига қўйилган лойиҳа мазкур ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиши керак.

ℹ️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2003 йили «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Ўшанда Россия ҳам толибларни худди шундай рўйхатга қўшган.

Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида қўлга киритган ва шундан бери жаҳон ҳамжамияти уларни тан олиши учун ҳаракат қилишади. 2021 йил октабр ойида Россия президенти Владимир Путин Россияда «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласи кўриб чиқилаётганини, бироқ бу билан биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши шуғулланиши кераклигини айтганди.

Ўшанда Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Қабулов толибларни Россия ҳукумати томонидан тан олиниши «де-факто содир бўлаётганини» айтганди. Тақиқланган ҳаракат вакиллари мунтазам равишда Россияга ҳам амалий, ҳам шахсий ташриф буюришмоқда. Шу билан бирга, буларнинг барчаси Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг фуқароларни толибларни қўллаб-қувватлаётганлик учун жиноий жавобгарликка тортишига моънелик қилмайди.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ