Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сунъий интеллектга асосланган янги технологиялардан фойдаланиб, тоғлардаги кўллар ўпирилишининг олдини олади. Бу ҳақда вазирлик раҳбарининг биринчи ўринбосари Азамат Мамбетовга асосланиб 24.kg нашри хабар берди.
Мулозимнинг аниқлик киритишича, кўллар тошишининг олдини олиш бўйича мувофиқлаштирилган тизим қўлланилади: сунъий интеллект маълумотлари ва гидрометеорология хизмати маълумотлари солиштирилади.
ФВВ вакилининг сўзларига кўра, уч, беш ва етти кунлик прогнозларга кўра, мутахассислар эҳтимолий таҳдидларни 91 фоиздан 97 фоизгача аниқлик билан башорат қилишлари мумкин.
Мамбетов Зиндон кўли мисолини келтиради, унда сув ҳажми ошган, аммо тизим сув тошқини олдини олишга имкон берган. Ходимлар сув оқимини вақтинча дарё ўзанлари орқали йўналтирганлар ва шу билан аҳоли пунктлари учун ҳалокатли оқибатларнинг олдини олганлар. Тўғри, мулозим таърифлаган ҳаракатлар айнан қачон амалга оширилганини айтмаган. Аммо, жорий йил август ойида юзага келган вазият ҳақида гап кетганга ўхшайди. Ўшанда оммавий ахборот воситалари воқеа содир бўлишидан икки ҳафта олдин кўлнинг ўпирилишини башорат қилган мутахассисларнинг аниқ прогнозлари туфайли одамлар хавфсиз зоналарга эвакуация қилингани ва кенг кўламли экологик офатнинг олди олингани ҳақида хабар берганди.
ФВВ ходимининг қўшимча қилишича, сунъий интеллект ва сунъий йўлдош тасвирлари тоғлардаги кўлларнинг ҳолатини кузатишда қўлланилади. Сув ҳажми, унинг ҳарорати ёки шаффофлиги ошганда, тизим автоматик равишда бундай фактларни қайд қилади ва юзага келиши мумкин бўлган хавфлардан огоҳлантиради.
ℹ️ Қирғизистон учун сел оқимлари жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Жумладан, жорий йил ёз ойларида Ўш вилояти табиий офатлар таъсирида жиддий зарар кўрди, сел оқибатида ўндан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 800 га яқин турар-жой бинолари сув остида қолган, ижтимоий объектлар, жумладан, тўртта мактаб, иккита болалар боғчаси, иккита шифохона ва битта музей зарар кўрган. Ҳукумат офат ҳудудидан 500 га яқин фуқарони эвакуация қилган.