Жапаров Бош вазир истеъфоси сабабини тушунтириб берди

АқиЛБЕК ЖАПАРОВ (чапда) ва САДиР ЖАПАРОВ. KABAR.KG сайти фотосурати

18 декабрь куни Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) йиғилишида мамлакат президенти Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамасининг собиқ раҳбари Ақилбек Жапаровни лавозимидан четлатиш ҳақидаги қарорини тушунтириб берди.

Унинг сўзларига кўра, бу Солиқ хизмати раҳбариятига нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида қилинган.

«Бизни солиқ тизимидаги салбий ишлар жудаям хафа қилди. Акциз маркалари билан боғлиқ фирибгарликлар юзага чиқди. Бу соҳа Ақилбек Усенбекович назоратида эди, шунга кўра, ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилиши лозим эди. Манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш мақсадида Давлат солиқ хизмати раҳбариятига нисбатан қўзғатилаётган жиноят иши туфайли мен уни лавозимидан четлаштиришга мажбур бўлдим», — дея президент сўзларини келтиради 24.kg.

Ақилбек Жапаров ушбу лавозимда уч йил ишлаганидан сўнг 16 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозимини тарк этди. Аввалроқ, 3 декабрь куни Бишкекда Солиқ хизмати бошқармаларининг тўрт нафар раҳбари ва 30 га яқин оддий ходим коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, мансабдор шахслар мамлакат бюджетига 3,2 миллиард сом (36,8 миллион доллар) миқдорида зарар етказган коррупцион схемани тузган.

Давлат солиқ хизмати раҳбари Алтинбек Абдувапов ҳибсга олинди, унинг ўрнини Қидиқбек Қидиров эгаллади, бироқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида унга нисбатан саволлар пайдо бўлди.

18 декабрь куни Жапаров Адилбек Қосималиевни Бош вазир ва президент администрацияси раҳбари этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади.

ℹ️ Адилбек Қосималиев 1960 йили Иссиқкўл вилоятида туғилган. Ленинград молия-иқтисодиёт институтининг «иқтисодчи» дипломига эга. Бир муддат Қирғизистон Давлат режалаштириш қўмитасининг Иқтисодиёт институтида, кейин давлат идораларида, хусусан, Давлат солиқ хизматини бошқарган ва Иқтисодиёт вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2015 йилдан 2018 йилгача Қосималиев Молия вазирлигини бошқарган. 2022 йили республика ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2024 йил 16 декабрда Вазирлар Маҳкамаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ