Озарбайжон парламенти депутати, Мажлис (қуйи палата) нинг халқаро алоқалар қўмитаси аъзоси Расим Мусабеков Azerbaijan Airlines самолётининг Ақтауда қулашига Россияни жавобгар деб атади. Бу ҳақда у Turan.az нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Самолёт Россия ҳудудида, Грозний осмонида ҳужумга учраган. Ва буни инкор этиб бўлмайди», — деди у.
Депутатнинг таъкидлашича, Россияда «баъзилар ўзларининг изларини яшириш учун оммавий ахборот воситаларида муайян ҳаракатлар қилмоқдалар». Бироқ, унинг фикрича, Россия томони бу вазиятда адекват ҳаракат қилиши, кечирим сўраши керак.
«Буни содир этганлар жавобгарликка тортилиши, қурбонлар ва жабрланганлар учун товон тўланиши керак. Агар бу амалга ошмаса, муносабатлар бошқа босқичга ўтади», — деди Мусабеков.
У 2020 йили 44 кунлик уруш пайтида Россия ҳарбий вертолёти уриб туширилганда Озарбайжон томони узр сўрагани, айбдорларни жавобгарликка тортишини ваъда қилгани ва товон пули тўлаганини эслатиб ўтди.
«Маданиятли муносабатлар шундай қурилади. Агар ҳаво мудофааси ишлаётган бўлса, у ҳолда аэропорт ёпилиши керак эди, ҳеч ким бу ерга учмаслиги учун хабарнома берилиши лозим эди. Шунинг учун айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак», — деди депутат.
▫️Бокудан Грознийга учаётган Azerbaijan Airlines самолёти 25 декабрь куни эрталаб Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 67 киши бўлган. Аксарияти Озарбайжон фуқаролари, бироқ йўловчилар орасида Қозоғистон, Россия ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бор бўлган. 38 киши ҳалок бўлди. 26 декабрь Озарбайжонда мотам куни деб эълон қилинди.
Бугунги кунга келиб қулаган самолётнинг иккала қора қутиси топилган, улар омон қолган ва ҳалокатга оид жиноят ишига далил сифатида киритилган. Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари «Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини ишлатишда хавфсизлик қоидаларини бузиш» моддаси бўйича тергов олиб бормоқда.
Бир кун аввал фавқулодда ҳолатни тергов қилувчи комиссияга раҳбарлик қилаётган Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев Қозоғистон Россия ва Озарбайжоннинг авиаҳалокат юзасидан суд-тиббий экспертиза ишларида иштирок этишига рухсат бермаслигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу республика Жиноят-процессуал кодексининг талаблари билан боғлиқ. Шу билан бирга, ҳар икки давлатга фавқулодда вазиятни авиация текширувида иштирок этишга рухсат берилади.
Ҳалокатнинг расмий версияси ҳозирча йўқ. Аввалроқ самолёт қушлар галаси билан тўқнашиб кетиши, бортдаги кислород баллони портлаши мумкинлигига доир тахминлар янграган эди. Бир қатор Ғарб ОАВлари, хусусан, Reuters ва Euronews Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, самолёт осмонни дронлардан ҳимоя қилаётган Россия ҳаво мудофааси томонидан ўққа тутилганини ёзди. Уларнинг сўзларига кўра, ракета Украина дронларининг Грознийга ҳужуми вақтида учирилган.
Мавжуд вазиятни шарҳлар экан, Vesti.az бош муҳаррири, сиёсий шарҳловчи Нижат Ҳажиевнинг таъкидлашича, Қозоғистонга ҳозир «осон эмас», чунки самолёт ҳужумга учраган дейиш Россия билан муносабатлар совуқлашишини англатади, бундай демаслик эса худди шундай — «кўп векторли, чуқур ва қардошлик» ришталари билан боғланган Озарбайжон билан.
Гаджиев, шунингдек, бу масала сиёсий контекстга эга эканини таъкидлади — агар Россия самолёт ҳужумга учраганини тан олса, бу унинг жанубий ўлкаларидаги аэропортлари хавфсиз эмаслигини англатади.
Айни пайтда, авиаҳалокат фонида хорижий авиаташувчилар Россия шаҳарларига парвозларни бекор қила бошлади. Исроилнинг El Al авиакомпанияси Тел-Авивдан Москвага парвозларни бир ҳафтага тўхтатиб қўйишини маълум қилди. 27 декабрь куни Қозоғистоннинг Qazaq Air авиакомпанияси «йўловчилар ва экипаж аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» Остона-Екатеринбург йўналиши бўйича парвозларни бир ойга тўхтатди. «Екатеринбургга парвозларни қайта тиклаш хавфларни қайта баҳолаш натижалари асосида амалга оширилади», — дейилади авиакомпания хабарида.