Хитой компанияси Қирғизистоннинг иккита асосий аэропортини реконструкция қилади

«Кыргызстан аэропорттору» матбуот хизмати фотосурати

Хитойнинг China Road and Bridge Corporation (CRBC) компанияси Қирғизистоннинг иккита асосий халқаро аэропорти – «Манас» ва «Ўш» аэропортларини реконструкция қилиш билан шуғулланади. Бу ҳақда «Кыргызстан аэропорттору» («Қирғизистон аэропортлари») компанияси матбуот хизмати хабар берди.

CRBC учиш-қўниш йўлаклари, перронлар ва ёритиш тизимларида реконструкция ишларини олиб боради, бу эса аэропортнинг барча об-ҳаво шароитида фойдаланиш имкониятларини яхшилайди. Ишларни жорий йил охиригача якунлаш режалаштирилган.

«Махсус база, қурувчилар учун ётоқхоналар қурилди, асфальт-бетон заводи тайёрланди, иш бошлаш учун барча зарур инфратузилма яратилди», – дейди «Қирғизистон аэропортлари» ОАЖ директорлар кенгаши раиси Манасбек Самидинов.

Дастлаб «Манас» аэропортида реконструкция ишлари бошланади.

ℹ️ Бундан аввал, 14 февраль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Ўш» халқаро аэропортида янги аэровокзал мажмуаси қурилиши учун капсула қўйган эди. Мажмуа ертўлага эга икки қаватли бино бўлиб, унинг умумий майдони 25 443 квадрат метрни ташкил этади. У йилига 5 миллиондан ортиқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Президент Қирғизистонда авиация саноати жонланаётгани ҳақида гапираркан, аввалроқ «Қоракўл» халқаро аэропорти ва «Талас» аэропорти фойдаланишга топширилганини эслади. «Жалолобод», «Караван», «Казарман» ва «Боткен» аэропортларида учиш-қўниш йўлакларини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. «Иссиқкўл» халқаро аэропорти ва «Норин» аэропортларида реконструкция ишлари давом этмоқда. Жалолободда янги аэропорт бунёд этиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ