Жапаров ва Раҳмон давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзоладилар ва иккита назорат-ўтказиш пунктини очдилар

Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров. aki.kg сайти фотосурати

13 март куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Бишкекда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзолади, деб хабар берди Жапаров матбуот хизмати.

Қирғизистон раҳбари Тожикистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ўз мамлакати ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Жапаров умумий давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат комиссияларининг самарали фаолиятини таъкидлади.

Президент Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланганини тарихий воқеа деб атади.

«Бу қадам нафақат давлатларимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги, барқарорлиги ва барқарор ривожланишини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади», — деди Жапаров.

Раҳмон ҳамкасбининг фикрига қўшилиб, Бишкекдаги музокаралар кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлишига урғу берди.

«Чегара шартномаси келажакдаги давлатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор яратади. Имзоланаётган мустаҳкам ҳужжатлар тўплами эса тожик-қирғиз муносабатларида мутлақо янги саҳифа очади. Ишончим комилки, бугунги учрашувлар якунлари муносабатларимизни халқларимиз туб манфаатларига жавоб берадиган янги босқичга кўтаради», — деди Тожикистон раҳбари.

Дарвоқе, икки давлат президентларининг мулоқоти доирасида дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлаш тўғрисида Қўшма баёнот, шунингдек, энергетика, сув таъминоти, йўлларни қуриш ва улардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, «яшил» технологияларни ривожлантириш каби соҳаларда ўзаро ҳамкорликка оид қатор меморандум ва битимлар имзоланди.

Шу куни, 13 март куни давлат раҳбарлари видеоалоқа орқали чегарадаги иккита назорат-ўтказиш пунктини очдилар. Қирғизистон томонида булар Боткен вилоятида жойлашган «Кызыл-Бель — автодорожный» ва «Кайрагач — автодорожный» пунктлари. Қайд этилишича, назорат-ўтказиш пунктлари мамлакатлар ўртасидаги қуролли тўқнашувдан сўнг тахминан тўрт йил давомида ишламаган.

Бундан ташқари, томонлар ҳаво қатновини тиклашга келишиб олдилар. Раҳмоннинг сўзларига кўра, Душанбе ва Хўжанддан Бишкекка парвозлар 14 мартдан бошлаб йўлга қўйилади. Шуни қўшимча қилиш лозим, янгилик эълон қилинган пайтда бир пойтахтдан иккинчисига биринчи рейс учун чипталар деярли қолмаган эди, уларнинг нархи 90 доллардан сал кўпроқни ташкил қилади. Тез орада чегара ҳудудларида автобус қатновлари йўлга қўйилади.

Жапаров ва Раҳмон Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқта бўйича келишув тузиш ниятини тасдиқлади. Ҳужжат 31 март куни юқорида тилга олинган барча республикалар раҳбарларининг Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашувида имзоланиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ