Россотрудничествонинг Қирғизистондаги ваколатхонаси Ўшдаги «Русский дом» («Руслар уйи») ходими Наталья Секеринанинг одамларни ёлланма аскарликка ёллашда гумон қилиниб ҳибсга олинганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
«Секерина Қирғизистон фуқароси, филиалнинг маҳаллий ходими, 2024 йил июлидан «Русский дом»да ишлайди ва Ўшдаги филиалимизнинг ОАВ билан ўзаро алоқалари учун масъул. Биз уни виждонли, очиқ ва масъулиятли ходим сифатида биламиз», — дея таъкидлайди Россотрудничество.
Ваколатхона айбловлар моҳияти ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслигини айтиб, тергов ҳаммасини ҳал қилишига умид билдиради. Алоҳида таъкидланишича, Россия фан ва маданият маркази фақат ҳукуматлараро келишув доирасида фаолият юритади.
Қирғизистон фуқароларини бошқа мамлакатлардаги қуролли можароларда қатнашиш учун ёллашда гумонланиб, Секерина ва яна бир қанча шахслар ҳибсга олингани ҳақида 17 апрель куни хабар берилган. 23 апрель куни Бишкекнинг Первомайский туман суди матбуот котиби Нурзина Мурзаева маълумотни тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, Секерина аввал журналист бўлиб ишлаган. Яна бир маҳбус Сергей Лапушкин Ўш мэрияси матбуот хизматида ишлаган. Улар билан бирга яна икки киши ҳибсга олинган, уларнинг шахси аниқланмоқда. Ҳолат юзасидан «Ёллаш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Қўлга олинганлар 2025 йил 17 июнига қадар ҳибсда қолдирилган. Гумонланаётганлардан бирининг адвокати журналистларга улар Украина ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашиш учун одамларни ёллашда гумон қилинаётганини айтган. Агар маълумот тасдиқланса, қўлга олинганлар 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
ℹ️ Россотрудничество — Россиянинг дунёда гуманитар таъсирини кучайтириш билан шуғулланувчи етакчи ташкилот ҳисобланади. У дунёнинг 71 мамлакатида «Русский дом» норасмий номини олган хорижий ваколатхоналар томонидан тақдим этилган. Расмий номи — Россия фан ва маданият маркази. Ўшдаги «Русский дом» 2016 йилдан буён фаолият юритади.