Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Москва ОМОН ходимларининг меҳнат мигрантлари ётоқхонасига уюштирган рейдига жавоб муносабат билдирди ва хавфсизлик кучлари ҳаракатларини «оддий нацизм» деб атади. Университет раҳбари ўзининг батафсил изоҳини Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) да эълон қилди.
Қудратхўжа интернетда Россиянинг турли бурчакларидан олинган видеолар тобора кўпайиб бораётганидан, ҳужжатларни текшириш баҳонасида Марказий Осиёдан келган мигрантлар даҳшатли хўрлаш ва ҳақоратларга дучор бўлаётганидан шикоят қилади. Ректор таъкидлашича, мигрантларнинг «маймун», «чурка», «қўй» каби ҳақоратомуз сўзларни тез-тез эшитишига тўғри келади.
«Қаранг, қандай нафрат билан одамларни калтаклашяпти. Ахир, улар қотил-рецидивист эмаску... Улар оддий талаба ва ишчилар. Битта [омончи] «чўкка тушиб юр!» деб бақиряпти, иккинчиси аямасдан одамни тепкилаяпти, йигитимизга энгашиб, тиззада эмаклаб юришни буюряпти», — дея изоҳ беради Қудратхўжа Россия куч ишлатар тизими ходимлари ҳаракатига.
Шу сабаб у юртдошларни Россия Федерациясига ишга бормасликка чақиради, зеро у ерда четдан келганлар калтакланади, камситилади, ҳақорат қилинади.
«Мени сўзларим нафақат ўзбекларга, балки биродарларимиз – қозоқларга, қирғизларга, тожикларга ҳам тегишли. Россия хавфсизлик тизими ходимларининг бундай шафқатсиз муносабатда бўлиши янгилик эмас ва бу, афсуски, яна узоқ вақт давом этиши мумкин», — дея хулоса қилади жамоат арбоби.
Ректорнинг тушунтиришича, ҳар йили республикада миллионга яқин одам туғилади ва мамлакатнинг барча аҳолисини иш билан таъминлаш қийин. Аммо айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати меҳнат бозорини диверсификация қилиш учун кўп ишларни амалга оширмоқда. Шу боис Қудратхўжа ватандошларни истиқболда маоши юқори, инсонпарварлик муносабатида бўладиган Германия, БАА, Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларга бориш учун тил ўрганишга, талабгир касбларни эгаллашга чақиради.
У Россия расмийларига «фуқароларимизга бундай муомала қилмаслик» илтимоси билан мурожаат қилган. Қудратхўжа Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек оилалари етим болаларни ўз бағрига олгани, Россиядан кўплаб болаларга бошпана бергани, бир неча йил аввал эса республика аҳолиси релокантларни илиқ кутиб олганини эслатади.
«Ахир, Россия томони музокаралар ва оммавий ахборот воситаларида ҳамиша ҳамкорлик ва стратегик шерикликнинг дўстона ҳусусияти ҳақида гапиради. Биз улар билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишни хоҳлаймиз, лекин сабаб ва муаммолар биздан чиқмаяпти», — деб ёзади ректор.
Қудратхўжа яқинда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан бўлган воқеани эслатади ва унда меҳмон Самарқанддаги «Мотамсаро она» ҳайкалида рус тилида ёзув йўқлигига эътибор қаратганди.
«Фурсатдан фойдаланиб, мен Сергей Викторович ва Россия ТИВ ходимларидан дипломатик қобилият ва воситаларини РФ ИИВ ва Федерал миграция хизматига нисбатан қўллашларини сўрайман. Улар ўзларига зарар келтирмасликлари учун, зеро бундай усуллар билан улар буюк ва қудратли рус тили ривожи ва тарқалишига путур етказишяпти», — дея Лавровга мурожаат қилади Кудратходжа.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси вакили Алишер Қодиров Москва ОМОН ходимларининг мигрантлар ётоқхонасида уюштирган рейди билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирганини қўшимча қиламиз. «Ягона чиқиш йўлимиз, болаларимизга боғчадан бошлаб ўзини қадрлашни ўргатиш, мактабдаги сўнгги уч йилни аввалги саккиз йил таҳлиллари асосида илмга, касбга ёки ҳунарга қобилиятидан келиб чиқиб саралаш ва халқаро стандартлар даражасида рақобатга тайёрлашдир! Тарбия ва таълимдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам!» — дея хулоса қилган депутат.
ℹ️ 8 июнь куни хавфсизлик кучлари Москвадаги мигрантлар ётоқхонасида қаттиқ рейд ўтказган. Аниқланишича, натижада миграция режимини бузган 5-6 нафар шахс қўлга олинган. Улар орасида Тожикистоннинг икки фуқароси бўлган, кейинчалик улар мамлакатдан чиқариб юборилган.
Кейинроқ Ўзбекистон Ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги ушбу ҳодиса юзасидан хавотир билдириб, ҳуқуқлари бузилиши ёки бошқа шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган ватандошларни Ўзбекистон агентлигининг РФдаги ваколатхонасига зудлик билан мурожаат қилишга чақирди.