Россияда 638 174 нафар вояга етмаганлар бор, улар чет эл фуқароларининг фарзандлари ҳисобланади. Бу статистик маълумотларни РФ Ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Зубов маълум қилди, деб хабар беради РБК.
Қайд этилишича, мулозим Давлат Думаси депутатларининг мамлакатда кўпчилик мигратлар фарзандларининг ўқимаслигига доир саволларига жавоб берган. ИИВ вакили бунга қўшилмаган, бироқ «ярмига яқини негадир бўш юргандир», дея қўшимча қилган. Бундан ташқари, вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, мактаб ёки бошқа таълим муассасаларига бормайдиган вояга етмаган хорижликлар сони камаймоқда.
ИИВ вакили Москвага оид маълумотлар билан ҳам ўртоқлашган. Бу маълумотларга кўра, пойтахтда 80 282 нафар мигрант фарзандларидан атиги 25 минг нафарга яқини таълим олади.
РБКнинг ёзишича, 10 июнь куни Давлат Думаси вилоят ва шаҳар таълим органларига чет эллик болалар ҳақидаги маълумотларни ИИВ бўлимларига топшириш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Хусусан, вазирлик назорат остидаги шахслар реестрига киритилган ота-оналардан рус тилини билиш бўйича тест синовлари натижаларини, боланинг мактабга қабул қилингани ёки ундан чиқариб юборилганлиги тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, таълим муассасасига мурожаат қилганлиги ҳақидаги маълумотларни олиши шарт.
Нашр эслатишича, жорий йил апрель ойидан бошлаб, мигрантларнинг фарзандлари мактабга киришдан олдин рус тилидан тест топшириши керак. Имтиҳон ёзма ва оғзаки шаклда, биринчи синф ўқувчилари учун — фақат оғзаки шаклда ўтказилади. Агар бола тестдан ўта олмаса, унга яна топшириш имконияти берилади, лекин уч ойдан сўнг.
Давлат Думаси спикери Вячеслав Володиннинг сўзларига кўра, тажрибани муваффақиятли деб ҳисоблаш мумкин, чунки талабгорлар орасидан фақат 4% болалар мактабларга қабул қилинган. Масалан, май ойи якунига кўра 2868 та ариза рўйхатга олинган бўлса-да, атиги 498 нафари, яъни 17 фоизи имтиҳонларга киритилган.
Шу йилнинг июнь ойида Россия Таълим ва фан вазирлиги ҳар учинчи меҳнат мигранти биринчи уринишда рус тили имтиҳонидан ўта олмаганини маълум қилганди. Уларнинг ярми кейинги уринишларда муваффақиятсизликка учраган, деганди вазирлик.