Ўзбекистонда Россиянинг С.Березин номидаги тиббиёт институти иштирокида Ядро тиббиёти маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Атом энергиясини ривожлантириш агентлиги «Ўзатом» матбуот хизмати хабар берди.
Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПХИФ-2025) доирасида «Ўзатом» агентлиги ва Березин номидаги институт вакиллари тегишли келишувни имзоладилар. Ҳужжат юқори технологияли тиббиёт, хусусан, саратон касаллигига чалинган беморларга ёрдам кўрсатишни яхшилаш учун ядро тиббиёти соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
«Келишув ПЭТ/КТ, циклотрон, МРТ, КТ, гамма-пичоқ, киберпичоқ ёки юқори аниқликдаги чизиқли тезлаткичлар билан жиҳозланган Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш ва радиофармацевтика лабораториясини ташкил этишни назарда тутади. Бундан ташқари, радионуклид терапиясини ташкил этиш ва изотоплар кўламини кенгайтириш режалаштирилган», — дейилади хабарда.
ПХИФ-2025 доирасида, шунингдек, «Ўзатом» ва «Росатом» ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тиббиёт буюмларини ионлаштирувчи ишлов бериш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Меморандум Ўзбекистонда тиббий маҳсулотларни радиоактив элементлар ёрдамида стерилизация қиладиган кўп функцияли ионлаштирувчи даволаш марказларини ташкил этишни назарда тутади. Хабарда таъкидланишича, бу стерилликни таъминлаш даражаси 10 (6-) бўлган усул ҳисобланади. Шунингдек, марказларда озиқ-овқат маҳсулотлари зарарсизлантирилади, патоген микроорганизмларга қарши курашиш ва сақлаш муддатини ошириш мақсадида қайта ишланади.
«Кўп функцияли ионлаштирувчи даволаш марказларини ривожлантириш тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини модернизация қилиш, юқори стерилизация даражасини таъминлаш, маҳсулотлар сақлаш муддатини узайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади», — деб тушунтирди «Росатом»нинг радиациявий даволаш соҳасидаги лойиҳалари учун масъул директори Артур Колонтаев.
ℹ️ Ядро тиббиёти — тиббиётнинг энг инновацион йўналишларидан бири бўлиб, унда даволаш ва диагностика учун радиоактив изотоплардан фойдаланилади. Уларнинг ёрдамида шифокорлар онкологик касалликларни анъанавий томограф ҳали илғамаган босқичда аниқлашлари мумкин.
«Росатом» тиббий хизматларнинг тўлиқ спектрини тақдим этиш учун ўзининг тиббий инфратузилмасини ривожлантирмоқда. Мақсад — Россия ва хориждаги беморлар учун ҳаётий тиббий технологиялар, асбоб-ускуналар ва дори воситаларини ишлаб чиқаришдир. «Росатом» ядро тиббиёти соҳасида 50 дан ортиқ мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади.