БМТнинг Давлат хизмати форуми Марказий Осиёда илк бор Самарқандда бўлиб ўтади

dailynewshungary.com сайти фотосурати

Самарқандда Марказий Осиёда илк бор ўтказиладиган БМТнинг Давлат хизмати форуми очилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тадбир иштирокчиларига табрик йўллади. Ушбу матн давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.

Республика раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга жаҳон цивилизациялари чорраҳасида жойлашган Самарқандда шундай кенг кўламли форумни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Мирзиёев нуфузли халқаро тузилмалар ва дунёнинг турли мамлакатлари ҳукуматлари вакилларидан иборат 400 га яқин делегат иштирок этаётгани тадбирнинг юксак мавқеидан далолат беришини таъкидлади.

Фурсатдан фойдаланиб, Президент форум иштирокчиларини БМТ ташаббуси билан 23 июнь куни нишонланадиган Давлат хизмати куни билан табриклади.

Шу билан бирга, Марказий Осиё республикаси раҳбари Янги Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви соҳасида эришган қатор ютуқларини қайд этиб, бугунги кунда мамлакат «давлат — халқ учун» тамойилига қатъий амал қилаётгани, давлат хизмати соҳасидаги глобал ўзгаришларнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Мирзиёев сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат хизматини чинакамига инклюзив халқ хизматига айлантириш бўйича тизимли ислоҳотларни олиб борилмоқда. Жумладан, халқаро экспертлар билан биргаликда «Давлат фуқаролик хизмати» тўғрисидаги қонун тайёрланди.

Ислоҳотларнинг ҳар бир хонадонга қадар кириб бориши учун «маҳаллабай» ишлаш тизими йўлга қўйилди, манзилли кўмак ва ижтимоий ҳимоя институти кучайтирилди, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етиб, мамлакат бу борада минтақада етакчи ўринни эгаллади. 700 дан зиёд давлат хизматлари «ягона дарча» тамойили асосида онлайн платформалар орқали амалга оширилмоқда.

Давлат хизмати ва бошқаруви жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш натижасида Ўзбекистон БМТнинг электрон ҳукуматлар ривожланиш даражаси бўйича глобал рейтингида 24 поғонага, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда сўнгги бир йил ичида 17 поғонага кўтарилди.

Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш мақсадида замон талабларига мос иқтидорли мутахассисларни жалб қилиш ва профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантириш бўйича кадрлар тайёрлаш кластери ташкил этилди. Президент мутахассисларни Ўзбекистонда давлат хизматида рақамли трансформация бўйича Глобал билим марказини очиш, халқаро Ёш етакчилар мактабини ташкил этиш каби глобал ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Бундай муҳим ташаббус ва таклифлар Форум доирасида қабул қилинадиган Самарқанд декларациясида ўзининг тўлиқ ифодасини топишига, мазкур муҳим ҳужжат ҳаммамиз учун инклюзив, барқарор ва инсон манфаатларига йўналтирилган давлат хизматига эришиш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш бўйича ўзига хос дастуриламал бўлишига ишонаман», — деди Мирзиёев.

ℹ️ БМТнинг Давлат хизмати форуми — давлат бошқарувида салоҳиятни ривожлантириш бўйича глобал тадбир бўлиб, ушбу соҳадаги янги муаммолар ва тенденциялар; долзарб муаммоларни ҳал қилишнинг инновацион усуллари; барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун потенциални очиш учун стратегиялар, ёндашувлар ва воситаларни ўрганиш ва муҳокама қилиш учун платформани тақдим этади.

Тадбир жаҳон етакчилари, сиёсатчилар, амалиётчилар, менежмент соҳасидаги новаторлар, халқаро ва минтақавий тузилмалар, илмий доиралар, нотижорат ташкилотлар ва хусусий сектор вакилларини бирлаштиради.

ℹ️ «2030 йилга қадар 5 йил: Барқарор келажак учун хизмат кўрсатиш жараёнларини жадаллаштириш» мавзуидаги халқаро анжуман 23-25 ​​июнь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ