ХВЖ Ўзбекистонга пенсия ва ижтимоий ислоҳотларни жадаллаштиришни тавсия қилди

forbes.ge сайти фотосурати

Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) янги ҳисоботида Ўзбекистонда демографик босим ва давлат харажатлари ошиб бораётган бир шароитда пенсия тизими барқарорлиги ва етарли пенсия даражасини таъминлаш учун шошилинч ислоҳотлар ўтказилиши зарурлиги қайд этилган.

ХВЖ, шунингдек, Жаҳон банкининг асосий тавсиялари каби пенсия ёшини босқичма-босқич оширишни тавсия этади, ҳозирда бу эркаклар учун 60 ёш ва аёллар учун 55 ёшни ташкил этади. Мутахассислар пенсия ёшини ҳар йили 3-4 ойга оширишни таклиф қиладилар, шунда 2040 йилларнинг ўрталарига келиб у 65 ёшга етади. Шунингдек, тизимга тушумларни ошириш мақсадида пенсия тўловлари ставкаларини босқичма-босқич ошириш ва айрим ташкилотлар учун имтиёзли ставкалардан воз кечиш тавсия этилади.

ХВЖ пенсиялар миқдорини нафақат охирги иш йиллар учун, балки бутун ишлаган давр учун ўртача иш ҳақи асосида ҳисоблашни, шунингдек, уларнинг харид қобилиятини сақлаб қолиш учун пенсияларни инфляцияга қараб автоматик индексация қилишни жорий қилишни таклиф қилади. Ижтимоий пенсиялар қатъий мақсадли бўлиши ва бюджетдан молиялаштирилиши керак, шунда унга ҳақиқатан ҳам муҳтож бўлганлар дастакланади.

Қайд этилишича, 2024 йил декабр ойида Ўзбекистонда пенсия ислоҳотига бағишланган семинар ўтказилган ва унинг доирасида концептуал ҳужжат тайёрлаш бошланган. Ҳужжатни 2025 йилнинг сентябригача мамлакат президентига тақдим этиш режалаштирилган. ХВЖ экспертлари бу чора-тадбирлар бюджет юкини камайтириш ва пенсия тизими барқарорлигини ошириш учун зарур эканини таъкидлайди.

Ҳисоботда ижтимоий соҳа ва меҳнат бозоридаги ислоҳотларнинг аҳамияти ҳам қайд этилган. ХВЖ аёллар ва ёшлар бандлигини ошириш, норасмий бандликни қисқартириш ва касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни жадаллаштиришга чақиради. Формал секторнинг ўсиши учун шарт-шароитлар яратиш, бизнесни очиш ва ёпиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш, ишчи кучи ҳаракатчанлигини ошириш устувор вазифаларга киради.

Ижтимоий сиёсатда ХВЖ ижтимоий харажатларнинг мақсадлилигини такомиллаштириш, субсидиялар тизимини оптималлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимояга сарфланадиган харажатлар самарадорлигини оширишни тавсия қилади. Вазифалар қаторига аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаган ҳолда энергия тарифларини ислоҳ қилишни якунлаш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, иқлим бўйича кун тартибини ишлаб чиқиш киради.

Умуман олганда, ХВЖ ижтимоий ва меҳнат бозоридаги ислоҳотларни янада ривожлантириш Ўзбекистонда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсиш учун муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Давлат ролини пасайтириш, хусусий сектор учун тенг шароит яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилади.

ℹ️ Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, мамлакатда қарийб 4,2 миллион нафар пенсионер бор. Улардан 3,47 миллион нафари ёшга доир, 476,2 минг нафари ногиронлик, 248,9 минг нафари боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия олади. Ўзбекистон аҳолиси 37,8 миллион кишидан ошади. Ўртача пенсия миқдори 1,4 миллион сўмни (112 доллар) ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ