
Тошкентнинг собиқ ҳокими ва тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Бокуда «Ўзбекистон» боғини барпо этиш бўйича кенг кўламли лойиҳага раҳбарлик қилади. Бу Ортиқхўжаевнинг 2 июль куни Озарбайжон ва Ўзбекистон президентлари учун ўтказган боғ концепцияси тақдимотидан маълум бўлди.
Илҳом Алиев ва Озорбайжонда давлат ташрифи билан бўлиб турган Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон» боғига тамал тоши қўйдилар.
«Ўзбекистон» боғи Ўзбекистоннинг бой тарихи, меъморчилиги ва анъаналарини, жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон каби шаҳарларни акс эттирувчи маданият ва дам олиш мажмуаси бўлади, деб хабар қилади Алиев матбуот хизмати. Беш гектар майдонни эгаллаган мажмуа Ўзбекистон харитаси шаклида жойлашади ва Бокунинг нуфузли «Оқ шаҳар» мавзесидан ўрин олади.
Боғ ҳудудида Ўзбекистон меъморий обидалари нусхалари, сайилгоҳлар, яшил ҳудудлар, меҳмонхона, турли хил савдо ва кўнгилочар масканлар ташкил этилади. Бинолар қурилиши ва безагида ўзбек миллий меъморчилиги анъаналари ҳамда нақшларидан фойдаланилади.
Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, лойиҳага Ўзбекистоннинг етакчи архитекторлари ва Австралиянинг Sanderson Group компанияси жалб қилинган. Боғ Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларнинг янги рамзи бўлиб, унга ташриф буюрувчилар йилига 800 минг кишига етиши кутилмоқда. Барча зарур рухсатномалар олингандан сўнг қурилиш ишлари икки йил давом этади. Лойиҳанинг қиймати 80 миллион долларга баҳоланмоқда.
ℹ️ Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил апрелидан 2023 йил 16 январига қадар Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган. Akfa компаниялар гуруҳи асосчиси, энг машҳур лойиҳалари орасида Magic City кўнгилочар боғи, Hilton Tashkent City меҳмонхонаси, Akfa Medline тиббиёт маркази, Ўзбекистондаги энг йирик CAEx Uzbekistan кўргазмаси бор. 2024 йил май ойида Akfa Group компанияси Ўзбекистонда The Grand Serai истироҳат боғи қурилиши билан шуғулланиши хабар қилинганди. Боғнинг майдони 28 гектар бўлиши, инвестициялар ҳажми 200 миллион доллардан ортиқ бўлиши маълум қилинганди.