Жорий йилнинг 2 июлидан бошлаб Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг йиллик даромадлари 100 млн сўмдан ошганда, улар тўлаши лозим бўлган солиқлар солиқ органларининг хабарномаси асосида юридик шахслар (солиқ агенти) – яъни агрегаторлар томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинади. Тегишли тартиб республика ҳукуматининг 2025 йил 2 апрелдаги қарорида белгиланган, дея эслатади Солиқ қўмитаси (СҚ) матбуот хизмати.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда енгил автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш ва буюртмалар асосида юкларни етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи 776,7 минг фуқаро рўйхатга олинган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи 208 та юридик шахслар – онлайн такси агрегаторлари солиқ органларининг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграциялашган. 430 минг нафардан ортиқ якка тартибдаги такси ҳайдовчилари ана шундай юридик шахслар орқали аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Умумий ҳисобда такси хизматлари бюджетга 89,6 миллиард сўм (7,1 миллион АҚШ доллари) солиқ тўлаган.
Таъкидланишича, Yandex Узбекистан ўз платформаларидаги ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар ва курьерлар учун солиқ тўлаш жараёнини автоматлаштирган биринчи компания бўлган.
Мазкур агрегатор Солиқ кодекси тизимига уланганлигини Spot.uzга тасдиқлаган. Бундан ташқари, компания ходимлари автоматик равишда солиқни айнан кимга тўлаш кераклиги ҳақида маълумот олади. Дарвоқе, бу ҳақда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг ўзлари ҳам махсус мобил илова орқали огоҳлантирилмоқда.
2024 йилдан бошлаб Ўзбекистонда йилига 100 миллион сўм даромадга эга ўзини ўзи банд қилган шахслар айланманинг 4 фоизи миқдорида солиқ ёки қатъий белгиланган йиғим тўлаш мажбурияти юкланган якка тартибдаги тадбиркорлар тоифасига ўтказилади.