ОАВ: Ўзбекистон ҳукумати Mobiuz уяли алоқа оператори сотувидан 300 млн доллар олишни режалаштирмоқда

company.mobi.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати Mobiuz уяли алоқа операторини бошқараётган Universal Mobile Systems давлат компанияси сотувидан 300 миллион доллар даромад олишни режалаштирмоқда. Битимнинг тахминий қийматини Bloomberg вазиятдан хабардор ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Бундан ташқари, мамлакатдаги тўртинчи йирик мобил алоқа оператори бўлмиш Mobiuz рақобатчиларга сотилиши мумкинлиги истисно қилинмайди. Чунки давлат компанияни бозорда ишлаётган брендлар билан бирлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлайди.

Бироқ, Bloomberg манбаларига кўра, активга бошқа инвесторлар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Гап Қатар, Саудия Арабистони, Озарбайжон ва Европа давлатларидан келган ишбилармонлар ҳақида кетмоқда.

Fitch Solutions компанияси бўлинмаларидан бирининг таҳлилчиларига кўра, ўтган йил охирида Ўзбекистонда мобил алоқа абонентлари сони 35,6 миллион кишини ташкил этган. Бундан ташқари, Mobiuz бозорнинг тахминан 21 фоизини назорат қилади.

ℹ️ Жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида республика ҳукумати Universal Mobile Systems давлат улушини 100% хусусийлаштириш бўйича очиқ халқаро жараён бошланганини эълон қилганди. Rothschild & Co инвестиция банки транзакция учун стратегик ва молиявий маслаҳатчи сифатида ишлайди, KPMG солиқ ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, Deloitte эса активни мустақил баҳолашни амалга оширади. Таъкидланишича, талабгорлардан аризалар 1 августга қадар қабул қилинади.

ℹ️ Universal Mobile Systems МЧЖ (савдо белгиси — Mobiuz) уяли алоқа ва мобил Интернет хизматларини кўрсатувчи Ўзбекистон корхонасидир. Ўтган йил якунларига кўра, корхона 2 триллион сўмдан ортиқ (163 миллион доллар) соф даромад олган. Бугунги кунда ушбу оператор абонентлари сони 7,8 миллион кишидан ошади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ