Қашқадарёда ёқилғи қуйиш шохобчасидаги портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди

Ижтимоий тармоққа жойлаштирилган видеодан кадр

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги «Олтиндала» МФЙда жойлашган аҳолига газ тўлдириш станцияси ҳудудида портлаш, сўнгра ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, деб хабар қилади Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Фавқулодда ҳолат 16 июль куни соат 14:40 да содир бўлган. Беш дақиқа ичида тўртта ўт ўчириш гуруҳи воқеа жойига етиб келган. Соат 15:00да ёнғин тизгинланган, ярим соатдан сўнг эса тўлиқ ўчирилган. Мутахассисларнинг фикрича, ёнғинга ёқилғи сақлаш резервуарида юз берган портлаш сабаб бўлган.

ФВВ ҳалок бўлган тўрт кишидан ташқари яна қурбонлар бор-йўқлигига аниқлик киритмаган, ёқилғи қуйиш шохобчасида қутқарувчилар, ИИВ, прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ишлаётганини қўшимча қилган.

Кейинроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ёқилғи қуйиш шохобчасидаги ёнғин юзасидан Республика Жиноят кодексининг 205-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш») ва 259-моддаси («Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан иш қўзғатилгани маълум бўлди. Ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда, суд-тиббий, биологик, криминалистик ва бошқа экспертизалар тайинланган.

ℹ️Ўтган йил декабрь ойида Фарғона шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчасида худди шундай воқеа содир бўлганди. Резервуарга газ қуйилаётганда беш тонналик контейнер ёрилиб, пропан сизиб чиқа бошлаган ва портлаш содир бўлган.

Натижада бекатга Cobalt русумли автомашинада кириб келган аёл, шунингдек, машинадаги болалар: унинг 4 ва 2 яшар икки фарзанди, шунингдек, 8 яшар жияни ҳалок бўлган. Бундан ташқари, ўн киши турли даражада куйиш оқибатида касалхонага ётқизилган. Портлаш оқибатида бир қанча автомобиллар ва яқин атрофдаги бинолар, жумладан, кўп қаватли турар-жой бинолари зарар кўрган. Жами моддий зарар 4,78 миллиард сўмни (376,4 минг доллар) ташкил этган.

Фарғонада шу йил июль ойи бошида мазкур иш бўйича суд жараёни якунланди. Ёқилғи қуйиш шохобчаси эгаси Мансур Маткаримов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдан уч йилга четлатилиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ