Футбол бўйича Ҳиндистон терма жамоаси илк бор CAFA Кубоги мусобақасида иштирок этади. Мусобақада иштирок этишдан бош тортган Малайзия терма жамоаси ўрнини ҳиндлар эгаллайди.
Ҳиндистон терма жамоаси В гуруҳида тўп суради, унинг рақиби Тожикистон, Афғонистон ва Эрон терма жамоалари бўлади.
Ҳиндистонликлар учун мусобақа 2027 йилги Осиё Кубоги саралаш босқичининг кузги ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтайди.
Таъкидлаш жоиз, айни дамда Ҳиндистон терма жамоасида бош мураббий йўқ. Унинг номи июль ойи охиригача эълон қилинади. Номзодлардан бири Қирғизистон терма жамоасининг собиқ устози, словакиялик мутахассис Штефан Тарковичдир.
Аввалроқ, Россия ва Малайзия термалари турнирда иштирок этишдан бош тортганди. Боз устига, малайзияликлар бу ҳақда гуруҳ босқичи қура ташлаш маросимидан сўнг маълум қилишди. Бош мураббий Пётр Кламовскининг сўзларига кўра, у жамоани керакли футболчилар билан тўлдириш имкониятига эга бўлмаган ва мусобақага кучсиз таркиб билан бориш мақсадга мувофиқ эмас.
CAFA Кубоги тарихда иккинчи марта ўтказилмоқда. Турнирда 8 та жамоа – 6 нафар CAFA аъзоси (Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Эрон), шунингдек, Уммон ва Ҳиндистон терма жамоалари иштирок этади. Жамоалар икки гуруҳга бўлинган. А гуруҳи ўйинлари Ўзбекистонда, В гуруҳи Тожикистонда ўтказилади. Гуруҳлар ғолиблари финалда тўқнаш келишади. Иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар бронза учун курашади. Кубокнинг амалдаги соҳиби Эрон терма жамоаси ҳисобланади.