Адвокат «Крокус» иши бўйича айбланувчилар Туркиядан экстрадиция қилиниши мумкинлигини таъкидлади

ТАСС сайти фотосурати

Туркия ҳукумати Москва яқинидаги «Крокус сити холл» концерт залида содир этилган терактга оид жиноий иш бўйича қидирувга берилган шахсларни Россияга экстрадиция қилиши мумкин. Бу ҳақда адвокат Игорь Труновга таяниб, ТАСС хабар берди.

115 нафар жабрланувчи манфаатларини ифодаловчи ҳайъат аъзоси Труновга кўра, Туркияда яширинганлар орасида теракт ижрочисининг укаси Муҳаммадсобир Файзов ва қурол-яроғ учун масъул бўлган Умеджон Солиев бор (иккаласи ҳам Россия расмийлари томонидан террорчилар рўйхатига киритилган).

«Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари теракт иши бўйича барча айбланувчиларни, жумладан, терактнинг бевосита ижрочиси Муҳаммадсобир Файзов акасини Россия Федерациясига экстрадиция қилиши мумкин», — дейди Трунов.

Адвокатнинг таъкидлашича, Файзовнинг акаси қидирувга берилганидан олдин Туркияда яшаган. Ҳужумнинг бевосита иштирокчилари Саидакрам Рачабализода ва Шамсидин Фаридуни Москвага етиб келгунига қадар айнан унинг уйида қолишган.

Трунов Душанбе Тожикистон ва Қирғизистондан тўққиз кишини қидирувга берганини, жумладан, аввалроқ Тожикистонда конституциявий тузумни ўзгартиришга даъват қилгани учун судланган қурол устаси Зубайдулло Исмоилов ҳам борлигини таъкидлаган. Бошқа номлар келтирилмаган.

«Крокус»даги теракт бўйича суд 4 август куни бошланади. Айни вақтда терговчилар террорчиларнинг қуроллари, кийим-кечаклари ва автомобиллари билан бирга Брянск вилояти йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан теракт содир этганларни таъқиб қилгани акс этган видеоёзувни ашёвий далилга қўшишган. Бундан ташқари, тергов ишга «Крокус»га ташриф буюрганларнинг ўз смартфонларида олган видеоёзувлар ва ўткинчи машина регистратори ёзувларини ҳам қўшган.

Иш материалларидан маълум бўлишича, терактда гумонланувчиларни қўлга олиш чоғида полициячилар машина ғилдиракларига қарата ўт очишга мажбур бўлишган, чунки ҳужумчилар тўхташ ҳақидаги талабларга эътибор бермаган. Шиналар тешилганига қарамай, ҳайдовчи машинани ҳайдашда давом этган, қарама-қарши йўлга олган ва охир-оқибат бортида 14 киши бўлган автобус билан тўқнашиб кетган. Автобус ҳайдовчисининг ҳаракатлари туфайли юзма-юз тўқнашувнинг олди олинган, йўловчилардан ҳеч бири жабрланмаган. Воқеа содир бўлганидан кейин гумонланувчилар машинани ташлаб, ўрмон ичига ғойиб бўлишган.

ℹ️ 2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида теракт «Пикник» рок гуруҳи чиқиши олдидан содир бўлганди. Камуфляждаги бир неча қуролланган киши мажмуага кириб, одамларга қарата ўқ ота бошлаган. Улар концерт залига кириб, ўт қўйишган. Ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган, шундан сўнг улар ўзлари келган машинада қочиб кетишган.

Теракт оқибатида 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган, 609 киши жароҳатланган. Ҳужумдан етказилган зарар 6 миллиард рублга баҳоланмоқда.

27 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Жумладан, тўрт нафар ҳужумчи, уларга машина сотган, террорчиларга квартира ижарага берган ёки уларга пул ўтказмаларини юборган одамлар. Ишда 1700 дан ортиқ жабрланувчи ва 800 гувоҳ иштирок этмоқда. Россия Тергов қўмитаси теракт Украинанинг амалдаги ҳукумати манфаатларини кўзлаб амалга оширилганини, ҳужумдан мақсад эса Россиядаги сиёсий вазиятни беқарорлаштириш эканини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ