«Крокус» терактида айбланаётган шахс жабрланувчиларга компенсация тўлашни таклиф қилди

ТАСС фотосурати

«Крокус сити холл» теракти ижрочиларини қурол-яроғ билан таъминлаганликда айбланаётган Умеджон Солиев жазосини енгиллаштириш учун жабрланувчиларга компенсация сифатида маблағ ўтказиш ниятини билдирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

130 нафар жабрланувчи манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Ксения Трунованинг сўзларига кўра, Солиев уларнинг ҳар бирига маънавий зарар учун 1000 рубль миқдорида товон пули тўлашни таклиф қилган. Шу билан бирга, компенсация суммалари жабрланувчиларнинг хоҳиш-истакларидан қатъий назар юборилиши, сўнгра судга тегишли квитанциялар тақдим этилиши лозим, Солиев фикрига кўра, улар айбланувчи жазосини енгиллаштиришга ёрдам бериши кераклиги таъкидланган.

Жабрланувчилар бу таклифни енгиллаштирувчи ҳолатларни яратишга бўлган сунъий уриниш деб ҳисоблайди ва бу тўловларни етказилган зарар кўлами ва азоб-уқубатлар оғирлигига нисбатан номутаносиб деб атайди, деди Трунова. Улар теракт ижрочилари ва уларнинг шерикларига энг оғир ва адолатли жазо берилишига уринмоқдалар.

Жиноят иши материалларига кўра, Солиев Россия ҳудудидаги террорчилик ташкилотининг таркибий бўлинмасини бошқарган. У шерикларини ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва қўлда ясалган портловчи қурилмалар учун бутловчи қисмлар билан таъминлаш, шунингдек, «Крокус сити холл»га ҳужумни бевосита тайёрлашда айбланмоқда. Бундан ташқари, Солиев ва унинг шериклари Каспийск шаҳрида ижарага олинган хонадонда ноқонуний равишда портловчи мосламалар тайёрлашган, улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан зарарсизлантирилган.

Иш материалларида, шунингдек, терактни амалга ошириш учун маблағлар жиноий йўл билан қўлга киритилгани, улар кўчмас мулк ижараси, қурол-яроғ ва ҳужумни ташкил этиш учун бошқа бутловчи қисмларни сотиб олиш, шунингдек, террорчиларга тўловлар учун сарфлангани қайд этилган.

ℹ️ 2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида теракт «Пикник» рок гуруҳи чиқиши олдидан содир бўлганди. Камуфляждаги бир нечта қуролланган киши мажмуага кириб, одамларга қарата ўқ ота бошлаган. Улар концерт залига кириб, ўт қўйишган. Ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган, шундан сўнг улар ўзлари келган машинада қочиб кетишган.

Теракт оқибатида 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган, 609 киши жароҳатланган. Ҳужумдан етказилган зарар 6 миллиард рублга баҳоланмоқда.

27 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Жумладан, тўрт нафар ҳужумчи, уларга машина сотган, террорчиларга квартира ижарага берган ёки уларга пул ўтказмаларини юборган одамлар. Ишда 1700 дан ортиқ жабрланувчи ва 800 гувоҳ иштирок этмоқда. Россия Тергов қўмитаси теракт Украинанинг амалдаги ҳукумати манфаатларини кўзлаб амалга оширилганини, ҳужумдан мақсад эса Россиядаги сиёсий вазиятни беқарорлаштириш эканини таъкидлади.

Бу иш бўйича суд жараёни 4 август куни бошланган ва Москва шаҳар суди биносида ёпиқ тарзда ўтказилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ