
Душанбе халқаро аэропортининг собиқ бош директори Исматулло Абдуллозода ва унинг бир неча собиқ қўл остидаги ходимлари бир кунлик ширкатлар орқали қарийб 1,245 миллиард сомони (тахминан 133 миллион доллар)ни ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда 8 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тожикистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раиси Сулаймон Султонзода маълум қилди, дея хабар беради «Азия-плюс» нашри.
Султонзоданинг сўзларига кўра, Исматулло Абдуллозода билан бирга 22 кишига нисбатан жиноий иш очилган. Ҳибсга олинганлар орасида (бошқалар қатори) бош директорнинг собиқ ўринбосари Аслиддин Маликов, аэропортнинг техник хизмат кўрсатиш хизмати раҳбари Мухриддин Давлатов, омбор мудири, бош ҳисобчи ва аэропорт ғазначиси бор.
Улар Тожикистон Жиноят кодексининг жарима ёки олти йилгача озодликдан маҳрум қилишни тазарда тутувчи 245-моддаси 4-қисми «б» банди («Ўзлаштириш ёки катта миқдорда растрата қилиш»), шунингдек, беш йилдан етти йиллик қамоқ жазосини назарда тутувчи 340-модда 2-қисми «а», «б» банди («Ҳужжатларни такроран қалбакилаштириш») билан айбланмоқда.
Султонзода аэропортнинг молиявий фаолияти текшируви 2022 йилдан 2025 йилгача бўлган даврни қамраб олганини маълум қилди. Маълум бўлишича, айбланувчилар бир кунлик ширкатлар ёрдамида товар ва материаллар сотиб олиш ниқоби остида 1 миллиард 245 миллион сомони миқдорида аэропорт маблағларини ўзлаштиришган, Абдуллозоданинг улуши эса 961 миллион сомони (100 млн доллардан ортиқ ) бўлган. Ҳозирда у ҳибсда.
Бугунги кунга қадар давлат бюджетига 281 миллион сомони (тахминан 30 млн доллар) қайтарилган, қолган маблағларни қайтариш бўйича ишлар давом этмоқда.
ℹ️ Исматулло Абдуллозода 2016 йил январь ойида Душанбе аэропорти бош директори этиб тайинланган. 2025 йил май ойи бошида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон молиявий текширув ва жиддий қонунбузарликлар аниқлангани учун уни эгаллаб турган лавозимидан озод қилган. Аэропорт бош директори этиб аввали давлат харидлари агентлиги ва мамлакатдаги йирик корхона – «Тожик цемент»ни бошқарган Зайнулло Шарифзода тайинланди.