Янги Тошкентда меҳмонхона ва ресторанлар қурилишига инвесторлар 554 млн доллар сармоя киритди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Янги Тошкентни ободонлаштириш учун мўлжалланган аукционда сотилган 13 та тижорий лотлар бўйича 554 миллион долларлик инвестиция шартномалари тузилди. Ушбу шартномалар доирасида шаҳарда меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа объектлар қурилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 август куни тегишли лойиҳалар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилади унинг матбуот хизмати.

Масъул шахсларнинг таъкидлашича, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа бинолар ўзига хос меъморчиликка эга бўлади. Асосийси, бундай иншоотлар нафақат сифатли хизмат кўрсатиш, балки шаҳарни янги сайёҳлик марказига айлантириш имконини беради.

Шунингдек, қурилиш лойиҳаларида 160 минг киши иш билан таъминланади, келгусида Янги Тошкентда юз минглаб доимий иш ўринлари яратилади. Зеро, бу ерда IТ-хизмат кўрсатувчи компаниялар «уйи»га айланадиган таълим ва тиббиёт кластерлари ҳамда технопарклар ташкил этиш режалаштирилган.

Тақдимотда мутасаддилар Ўзбекистон пойтахти яқинида 2023-йилда янги шаҳар қурилиши бошланганини, шу мақсадда Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ ва Ўртачирчиқ туманларидан 19,7 минг гектар ер майдони ажратилганини эслатди. Лойиҳанинг концепцияси Буюк Британиянинг Cross-works компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Қайд этилишича, бу ерда аллақачон илк бинолар пайдо бўлган.

Умуман олганда, дастлабки босқичда 6 минг гектар майдонда қурилиш ишлари бошлаб юборилган, бу ерда 600 минг киши учун замонавий яшаш шароитлари яратилади. Умуман олганда, Янги Тошкентда 2 миллион аҳоли истиқомат қилиши режалаштирилган. Шу боис инфратузилманинг сифати ва мустаҳкамлигига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бир ва икки секцияли коллекторлар ётқизиляпти. Улар орқали марказлашган иссиқлик ва сув қувурлари, электр энергияси, телекоммуникация каби барча муҳандислик тармоқлари ер остидан ўтказилади. Шунингдек, транспортларнинг эркин қатнови учун туннеллар ва ерости тураргоҳлари барпо этилади.

Ҳар бир лойиҳа замонавий ва экологик тоза ечимларга йўналтирилгани алоҳида таъкидланди. Шаҳарда «яшил» транспорт жорий этилади, метро ва электробуслар ўртасида ўзаро алоқа ўрнатилади. Дизайнерлар, шунингдек, пиёдалар ва велосипедчиларнинг қулайлиги, улар учун энг хавфсиз шароитларни яратишни ҳам унутишмади.

Бундан ташқари, маъмурий зонада давлат идоралари учун 60 дан ортиқ бино қурилади. Бугунги кунда ўндан ортиқ вазирлик ва идоралар шу ердаги вақтинча ташкил этилган объектларда фаолият бошлаган.