Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 11,3 млн доллардан ортиқ туристик мажмуа барпо этилади

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида қиймати 140 миллиард сўмдан ортиқ (11,3 миллион доллар) экотуризм мажмуаси барпо этилади. Режага кўра, объект Жанубий Сурхон сув омбори қирғоғида 15,7 гектар майдонда қурилади, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида.

Хабарда таъкидланишича, янги сайёҳлик мажмуаси табиий муҳитни асраб-авайлаш, экологик талабларга мувофиқ, оқава сувларни тозалаш технологияларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда барпо этилади. Шунингдек, кўкаламзорлаштириш, йўллар ва бошқа зарур инфратузилмани барпо этиш режалаштирилган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов вилоятда туризмни ривожлантиришга қаратилган мазкур иншоот лойиҳаси билан танишди. Жойни кўздан кечириб, шундан сўнг мутасаддиларга қурилиш ишларини тизимли ва босқичма-босқич олиб бориш, белгиланган талабларни инобатга олган ҳолда, жараённи тезроқ бошлаш бўйича топшириқлар берди.

ЎзАнинг қўшимча қилишича, сув омбори қирғоғида жойлашган сайёҳлик мажмуасида коттежлар, бассейнлар, автотураргоҳ, савдо дўконлари, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бўлади. Бундан ташқари, объект ҳудудида спорт ва болалар майдончалари, пиёдалар йўлаклари, балиқ овлаш зонаси қурилади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу ерда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг мазмунли дам олиши учун барча шароитлар яратилади.

Ахборот агентлигининг хабар беришича, Жанубий Сурхон сув омбори 1967 йили фойдаланишга топширилган бўлиб, у денгиз сатҳидан 408 метр баландликда жойлашган. Сув юзаси майдони 65 квадрат километр, сув омборининг ҳажми 800 миллион куб метрни ташкил қилади.