Хоразмийнинг алгебрага оид биринчи асари Ўзбекистонда илк бор намойиш этилади

Хоразмий рисоласи. cics.uz сайти фотосурати

Ислом цивилизацияси маркази музейида Муҳаммад Хоразмийнинг машҳур асари «Ал-жабр вал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб» (Al-Jabr wal-muqābala) рисоласининг нусхаси жамоатчиликка намойиш этилади.

IX асрда ёзилган мазкур асар Марказ музейининг Биринчи Ренессанс зали экспозициясига киритилади. Артефакт ҳақидаги маълумотлар рақамли шаклда тақдим этилади. Асл китоб Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонасида сақланади.

Рисоланинг алоҳида аҳамияти шундаки, унинг – «ал-жабр» (тикланиш, тўлдириш) номидан замонавий «алгебра» атамаси пайдо бўлган.

Муҳаммад Хоразмийнинг рисоласи Бағдодда тахминан 820 йилда ёзилган ва алгебраик тенгламаларни ечиш бўйича биринчи тизимли қўлланма бўлган. Унда арифметик ва геометрик ҳисоблар, квадрат ва илдиз тушунчалари, мерос тақсимоти, савдо битимлари ва ҳуқуқий масалаларда қўлланган амалий мисоллар баён этилган. Китоб араб дунёсига қўлёзма нусхаларда тарқалган, XII асрда эса лотин тилига таржима қилинган, шундан сўнг Европа фанининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб қилиш ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир. Марказ биносида музей жойлашган.