Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги мигрантлар «Амина» мобил иловасини ўрнатишлари шарт

"Амина" иловаси ойнаси

2025 йил 1 сентябрдан Москва шаҳри ва Москва вилоятида «Амина» мобил иловасидан фойдаланган ҳолда чет эл фуқароларининг жойлашувини қайд этиш экспериментал режими жорий этилади. Бу ҳақда «Кўп тармоқли миграция маркази” (Сахарова КММ) муассасаси хабар берди.

Илованинг мажбурий ўрнатилиши МДҲ мамлакатлари – Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украинадан келган визасиз меҳнат мигрантларига тегишли.

Пойтахтда фақат «Амина» иловаси орқали миграция рўйхатидан ўтиш мумкин.

Мигрантлар КММ ёки Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларига бормасдан дастурни ўзлари ўрнатадилар. Аммо «Амина»да авторизация қилиш учун амалдаги чет эл фуқароси картаси талаб қилингани сабабли, уни олиш учун Сахаровага боришга тўғри келади. Агар карта йўқолган бўлса, «Амина» да авторизация паспорт маълумотлари ёрдамида тўлдирилиши мумкин.

Мобил илова автоматик равишда фойдаланувчининг геолокацияси ҳақидаги маълумотларни узатади. Агар маълумотлар уч иш кунидан кўпроқ вақт давомида узатилмаса, мигрант яшаш манзилини тасдиқлаш ёки ўзгаргани ҳақида хабар беришни сўраб билдиришнома олади. Рўйхатга олиш шартларига риоя қилмаслик шахснинг рўйхатдан ўчирилишига ва назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилишига олиб келади.

mc.mos.ru сайти фотосурати

Эксперимент давомида уй эгаларининг дастурда иштирок этаётган мигрантлар тўғрисида билдиришномаларни топшириш мажбурияти бекор қилинади, чунки рўйхатга олиш илова орқали мустақил равишда амалга оширилади. Келажакда назорат билан бир қаторда «Амина» да қўшимча хизматлар пайдо бўлади — патент учун тўлов, КММ қабулига ёзилиш ва бошқалар.

«2026 йил 1 сентябрдан бошлаб меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда, 90 календар кундан ортиқ муддатга келган чет эл фуқаролари экспериментга қўшилади. Эксперимент Беларусь Республикаси фуқаролари, болалар, дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ходимларига тааллуқли бўлмайди», — деди КММ бош директори Антон Игнатов.

ℹ️ Июнь ойи охирида Россия ҳукумати кўп тилли ruID мобил иловасини ишга туширди, бу орқали мигрантлар Россияга кириш учун ариза топширишлари, кириш чекловларини текширишлари ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун рақамли профил яратишлари мумкин.