Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар махсус вакилларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди

gov.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ташаббуси билан 26 август куни Афғонистонга қўшни давлатлар махсус вакилларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари иштирок этди. Улар мунтазам фикр алмашиш ва минтақанинг Афғонистон билан боғлиқ муаммоларини биргаликда муҳокама қилиш учун мустақил минтақавий платформа сифатида афғон масалалари бўйича махсус вакиллар даражасида алоқа гуруҳи ташкил этишга келишиб олдилар.

Учрашув иштирокчилари минтақа давлатларининг стратегик жойлашуви, Афғонистон билан тарихий, маданий ва иқтисодий алоқаларини ҳисобга олган ҳолда муаммоларни ҳал қилишда мустақил ёндашув муҳимлигини таъкидладилар. Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасида савдо, транспорт ва маданият соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикрлар билдирилди.

Бундан ташқари, томонлар хавфсизлик масалалари, жумладан, жиноятчилик, терроризм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашни муҳокама қилдилар. Саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, минтақани ривожлантириш ва барқарорликни сақлаш бўйича умумий позицияларни ишлаб чиқиш мақсадида бундай учрашувларни мунтазам ўтказишга қарор қилинди.