Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистонда шахмат ривожига бағишланган кўргазма ташкил этилади

Шахмат. cisc.uz сайти фотосурати

Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистонда шахмат ривожига бағишланган кўргазма тайёрламоқда. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

ИЦМ музейининг Биринчи Ренессанс залида тайёрланаётган кўргазмада Самарқанд ва Сурхондарё вилоятида археологлар томонидан топилган шахмат доналари нусхалари намойиш этилади. Улар орасида VII асрда Афрасиёбдан топилган ноёб топилмалар: шоҳ, вазир (ферз), арава, фил, икки чавандоз ва пиёда фигуралари фил тишидан ўйиб тайёрланган. Шунингдек, залда Далверзинтепада топилган эрамизнинг II асрига мансуб фил ва от ҳайкалчалари ҳам намойиш этилади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу шахматнинг нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда мавжудлигини тасдиқловчи энг қадим археологик далиллардан биридир.

Кўргазма учта тарихий босқичга бўлинади. Биринчи қисмда Ўзбекистонда пайдо бўлган шахматга ўхшаш илк ўйинлар ва уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида сўз боради. Иккинчи қисмда шахматнинг билим ва тафаккур рамзи сифатида қабул қилинган даври кўриб чиқилади. Якуний, учинчи қисмда шахматнинг Марказий Осиё орқали араб ва Европа дунёсига тарқалиши тасвирланган. Амир Темур саройидаги шахмат муҳити ва у орқали жанг стратегияларини шакллантириши марказий саҳналаридан биридир.

Экспозициянинг энг таъсирли нуқтаси — тарих ва бугунни уйғунлаштирувчи символик ўтишдир: Амир Темурнинг ҳал қилувчи юриши замонавий кадрга уланиб, уни ёш гроссмейстер Жавоҳир Синдоровнинг мот қилувчи ҳаракати давом эттиради.

«Бу композициянинг мақсади — Амир Темур шахматга стратегик ёндошганини ва бу мерос бугунги кунда ҳам миллий ўзлигимизда янгича руҳда яшаб келаётганини кўрсатишдир», — дейди лойиҳа муаллифи Беҳруз Пўлатов.