Ислом цивилизацияси маркази музейи XIX асрга оид ноёб «олтин» Қуръони билан тўлдирилди

Қуръони Карим. Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати фотосурати

Ислом цивилизацияси маркази музейи коллекцияси XIX асрга оид Қуръони Каримнинг нодир қўлёзмаси билан тўлдирилди, унинг саҳифаларига олтин суви юритилган. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

Қўлёзма Бухорода амири Насрулло даврида яратилган. Ушбу китобнинг ўзига хослиги шундаки, сарлавҳа ва сўнг сўзлари безатилган XIX асрнинг аксарият қўлёзмаларидан фарқли ўлароқ, унинг ҳар бир бети ўзига хос нақшлар билан зийнатланган.

XIX асрда Бухоро амирлари саройида олтин безаклар жуда машҳур бўлган — ёрқин нақшли либослар, олтин суви юритилган қўлёзмалар. XVIII–XIX асрлардаги Ўрта Осиё қўлёзмалари кўпинча миниатюра ва безаклар билан безакланган, аммо тўлиқ зарҳалланган саҳифалар ҳақида маълумотлар илгари учрамаган.

Марказ ходимлари ушбу ноёб асарни қўшимча экспертизадан ўтказишга қарор қилишди.

Қуръони Карим Ислом цивилизацияси маркази коллекциясига бошқа нодир осори-атиқалар, жумладан XVI асрда Хива шаҳрида кўчирилган ҳадислар тўплами ва XIX асрда Қоҳирада тайёрланган ва масжидлар интерьерида декор сифатида ишлатилган диний оятлар ёзилган икки мато ҳам қўшилди.

Марказнинг таъкидлашича, эндиликда экспонатларни қабул қилишнинг қатъий ва илмий тартиби йўлга қўйилган ва Биринчи Ренессанс зали экспозицияси Ислом санъатининг ноёб ёдгорликлари билан тўлдирилиб борилади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир. Марказ биносида музей жойлашган.