Тошкентда Мигрантлар ресурс маркази очилди

eeas.europa.eu сайти фотосурати

Тошкентда Мигрантлар ресурс маркази очилди. У фуқароларга хорижга чиқиш олдидан маслаҳатлар беради, қонуний ишга жойлашиш имкониятларини тушунтиради, ватанига қайтганларни қўллайди. Марказни ЕИ, Миграция агентлиги ва Миграция сиёсатини ривожлантириш халқаро маркази (ICMPD) ташкил этди, деб хабар беради «Газета.uz».

Марказ мигрантларнинг бошқа давлатларга ташрифи хавфсиз бўлишини таъминлаш учун жўнаб кетишдан олдин маслаҳатлар беради. Унда қонуний йўналишлар, хориждаги хавфлар ва ҳуқуқлар ҳақида маълумот берилади. Қайтганлар учун марказ ижтимоий ва иқтисодий мослашувни осонлаштириш учун ёрдам ва ресурсларни таклиф қилади. Шунингдек, марказ маҳаллий ОАВ ва ҳамкорлар билан кўпроқ одамларга керакли маълумотларни етказиш бўйича ҳамкорлик қилади.

«Ресурс марказининг вазифаси хавфсиз ва қонуний миграция масалалари бўйича маслаҳат ва кўмак бериш, ноқонуний миграция ва одам савдоси хавфидан хабардорликни ошириш, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларимизни жўнаб кетиш олдидан ўқитиш дастурларини ўтказишдан иборат», — дейди Миграция агентлиги директори ўринбосари Матлаб Қуранов.

Унинг қўшимча қилишича, агентликнинг ICMPD билан ҳамкорлиги айниқса қимматлидир, чунки тобора кўпроқ ўзбекистонликлар Европа мамлакатларига ишлашни режалаштирмоқда.

Халқаро ташкилот менежери Виолета Вагнер ҳар йили Марказий Осиё республикасидан минглаб фуқаролар хорижга ишлаш учун кетаётгани, кўпчилиги эса янги кўникма ва тажриба билан қайтаётганини таъкидлади. Бундай вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Ресурс маркази нафақат офис, балки ҳамкорлик платформаси – давлат идоралари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари мигрантларни қўллаб-қувватлаш учун бирлаша оладиган масканга айланиши керак.

Шунингдек, «Интеграция ва имкониятларни кенгайтириш учун ахборот билан таъминлаш орқали Ўзбекистондан ноқонуний миграциянинг олдини олиш» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Унинг доирасида маҳалла қўмиталари ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Шу билан бирга, ҳозирги босқичда мамлакатнинг бешта вилоятида: Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Андижон ва Фарғона вилоятларида миграция масалалари бўйича фуқаролик жамияти тармоғи яратилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Маҳмудов, ўз навбатида, ICMPD’га ҳамкорликнинг бир қанча йўналишларини таклиф қилди:

✅Ўзбекистондан хорижда мутахассисларни ёллаш тартиб-таомилларини соддалаштириш, шунингдек, мигрантларни ишга жойлаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш;

✅ тил ўрганиш, касб-ҳунарга ўргатиш ва меҳнат бозорига интеграция бўйича курслар ташкил этиш;

✅ Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг малака ва дипломларини Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатларда тан олинишига кўмаклашиш.

Тошкент ресурс маркази Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқдаги мигрантларни қўллаб-қувватлаш марказлари тармоғидаги 14-сига айланди. Бундай марказлар Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон (онлайн форматда), Покистон, Ироқ ва Шри Ланкада мавжуд.

Биргина ўтган йилнинг ўзида ахборот кампаниялари ва маслаҳатлар орқали 35 мингдан ортиқ киши, лойиҳа ишга туширилгандан бери эса 100 мингдан ортиқ мигрантлар ёрдам олди.