Ўзбекистон Москва вилоятида такси ҳайдовчиси ҳақоратлагани воқеаси юзасидан Россияга нота юборди

Видеодан кадр

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва вилоятининг Химки шаҳрида рўй берган ўзбекистонлик такси ҳайдовчисини россиялик фуқаро ҳақорат қилгани билан боғлиқ воқеа юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборди. Нотада такси ҳайдовчисини ҳақорат қилган шахсни аниқлаш ва унга нисбатан қонун доирасида чора кўриш сўрови бор. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурхонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мунтазам кузатиб боради ва бундай ҳолатлар аниқланган ҳолларда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

«Жумладан, август ойида кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган воқеа юзасидан тергов олиб борилмоқда. Шу муносабат билан Россия ТИВга расмий нота юборилди», — деди Бурхонов.

У Ўзбекистон фуқаролари яшаш жойидан қатъи назар, ўз давлати ҳимоясида эканини таъкидлади.

ℹ️ Мазкур воқеа акс этган видео 27 август куни «TRT на русском» Telegram-каналида эълон қилинди. Кадрларда эркак такси ҳайдовчисини ҳақорат қилиб, уни «русларнинг қулисан» деган. Такси ҳайдовчиси эса россиялик эркакдан тинчланишни хотиржамлик билан сўрайди, шундан сўнг автомобилга ўтириб, жўнаб кетади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, можаро такси машинасининг турар жой биноси ҳовлисига киришни қисқа вақтга тўсиб қўйганидан бошланган.

27 август куни кечқурун Бурхонов каналида Ўзбекистон фуқаролари яшаш жойидан қатъий назар давлат ҳимоясида экани, ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган тақдирда мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари кераклиги ҳақида эслатма пайдо бўлди.