Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Мирзиёев ва ФИФА раҳбари кўз ўнгида CAFA кубоги ғолиби бўлди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси CAFA Nations Cup-2025 финалида эронлик рақибини мағлуб этиб, турнир ғолибига айланди. Ҳал қилувчи баҳс Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида барпо этилган янги стадионда бўлиб ўтди. Учрашувни Марказий Осиё Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва ФИФА раҳбари Жанни Инфантино томоша қилди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Финалда Ўзбекистон ва Эрон миллий жамоалари баҳс олиб борди. Асосий вақтда гол урилмагач, қўшимча таймлар белгиланди. Улар ҳам дуранг бўлиб, ўйин пенальтилар сериясига қараб кетаётган пайтда Ўзбекистон ғалаба голини киритди. 120-дақиқада қанотдан оширилган тўпни Ҳожиакбар Алижонов боши билан рақиб дарвозасига йўллади. Натижада Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва илк бор фахрий кубокни қўлга киритди.

Ушбу кубок ўйинлари жаҳон чемпионатига чиққан футболчиларимиз учун яхши тайёргарлик вазифасини ўтади. Яна бир қувонарли томони, миллий терма жамоа Эронга қарши 13 йиллик ғалабасиз сериясига якун ясалди. 2023 йилда ўтказилган биринчи шундай мусобақада ҳам Ўзбекистон финалда айнан Эронга 0:1 ҳисобида ютқазган эди.

Энди эса янги стадионда ўзбеклар реваншга эришди. Мамлакат раҳбари матбуот хизмати таъкидлашича, бунда чуқур маъно бор: келажак авлодлар учун яратилган ареналар бугун шон-шуҳрат масканига айланиб бормоқда.

Ғолиб футболчиларга олтин медаллар ва кубокни Президент Шавкат Мирзиёев топширди. Тақдирлаш маросимида FIFA раҳбари Жанни Инфантино ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этди.

CAFA Cup финал ўйини олдидан Мирзиёев ва Инфантино музокара ўтказиб, Ўзбекистон ва нуфузли халқаро тузилма ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Меҳмон фурсатдан фойдаланиб, республика раҳбарини тарихий воқеа – миллий терма жамоанинг ЖЧ-2026 финал босқичига чиққани билан яна бир бор табриклади. Бу ютуқ мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мутасадди идоралар томонидан спортни қўллаб-қувватлаётгани самараси экани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, ёш истеъдодларни юзага чиқаришга кўмаклашиш, мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро даражада тайёрлаш борасидаги сермаҳсул ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мирзиёев ва Инфантино Тошкент шаҳрида ФИФАнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий офисини очиш юзасидан келишиб олди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти ўзбек футболини ривожлантириш ва халқаро майдонда илгари суришга қўшган шахсий ҳиссаси учун ФИФА раҳбари Жанни Инфантинога давлатимизнинг юксак мукофоти – «Дўстлик» орденини топширди.

ℹ️ CAFA Nations Cup-2025 Ўзбекистон ва Тожикистонда бўлиб ўтди. Турнирда саккизта жамоа иштирок этди. Кубок учун мезбонлардан ташқари Қирғизистон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Уммон ва Ҳиндистон терма жамоалари кураш олиб боришди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ