Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази музейида XV асрга оид «Ҳумой ва Ҳумоюн» достонининг ноёб қўлёзмаси намойиш этилади, деб хабар берди Марказ матбуот хизмати.
Достон шоир Хожу Кирмони томнидан 1437 йили Ҳиротда Амир Темур ўғли Шоҳруҳ Мирзо даврида ёзилган.
Қўлёзма тахминан 4400 мисрадан иборат бўлиб, XV аср китоб санъати анъаналарини акс эттирувчи миниатюра ва безаклар билан безатилган. Қўлёзма ҳозирда Парижда сақланмоқда, бироқ Тошкентда у «Ўзбекистон қўлёзма мероси дурдоналари» китоб-альбоми доирасида Марказ музейининг Иккинчи Ренессанс залида намойиш этилади.
«Ҳумой ва Ҳумоюн» Кирмони «Хамса»сидаги бешта достоннинг биридир. Достонда висолга етишдан олдин кўп синовларни бошдан кечирган малика Ҳумой ва шаҳзода Ҳумоюннинг муҳаббати ҳикоя қилинади. Асарда ишқий муносабатлар саройга оид мавзулар — ҳокимият учун кураш, садоқат, донолик ва ҳукмдорларнинг раҳм-шафқати билан уйғунлашган.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.