Павел Дуров Остонада сунъий интеллект лабораторияси очилишини эълон қилди

Павел Дуров. Оқўрда матбуот хизмати фотосурати

Telegram Қозоғистондаги суперкомпьютерда сунъий интеллект (СИ) ва блокчейн билан боғлиқ лойиҳани ишга туширади. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров Остонадаги Digital Bridgе форумининг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида маълум қилди, деб ёзади ТАСС.

«Бугун мен айнан шу бинода, Alem.AIda (Сунъий интеллект маркази биноси – таҳр.изоҳи) СИ лабораторияси очилганини эълон қилишимдан жуда мамнунман. Биринчи лойиҳа Telegram ва Қозоғистон суперкомпьютер кластери ўртасидаги ҳамкорлик бўлади. Лойиҳа айнан шу мамлакатда, Сунъий интеллект вазирлиги томонидан ишга туширилади», — деди.

Дуровнинг қайд этишича, сўнгги ойларда Telegram янги технология – блокчейн ва сунъий интеллект кесишмаси устида ишламоқда. «Ушбу технология 1 миллиарддан ортиқ одамга марказлаштирилмаган компьютер тизимида ишлаб чиқариладиган сунъий интеллект функцияларидан шахсий ва шаффоф тарзда фойдаланиш имконини беради. Telegramда 1 миллиарддан ортиқ фойдаланувчи бор ва Telegram ичидаги мини-иловалар ушбу технологиянинг биринчи фойдаланувчилари бўлади», — дея қўшимча қилди у.

Kursiv.kz хабарига кўра, Дуров шунингдек, сунъий интеллект жамият тузилмасини сезиларли даражада ўзгартиришини қайд этган.

«Бу ерда, албатта, бунга икки томондан ёндашиш мумкин. Бунга қўрқув нуқтаи назаридан ёки ишонч нуқтаи назаридан ёндашишингиз мумкин. Бизнес раҳбарлари билан гаплашганда, ҳукумат вакиллари билан, университетлар, жумладан, Қозоғистон университетлари билан гаплашар эканман, Қозоғистон бунга умид, қандайдир илҳом нуқтаи назаридан кўпроқ мос келишини кўраман», — деди у.

Дуровнинг фикрича, бу «олтин давр» бўлади. «Бу ҳар бир инсон учун мўл-кўлчилик даври бўлади ва биз меҳнат қилишимиз, жуда кўп тер тўкишимиз, катта сармоя киритишимиз ва бу жараён ҳақида ўйлашимиз керак», —дея хулоса қилди у.

Бу Дуровнинг Қозоғистонга биринчи ташрифи эмас. 2024 йил ёзида у Марказий Осиё мамлакатлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда бўлди. Ўтган йили ташрифи чоғида «Астана» халқаро молия маркази регулятори Toncoin криптовалютаси савдоси бошланишини маъқуллади.

Ўтган йил кузида Telegram Қозоғистонда ўз ваколатхонасини очаётгани маълум қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ