Испанияда 10 октябрда, Қозоғистонда эса 30 октябрда совет ГУЛАГига тушиб қолган икки испаниялик ҳақида ҳиқоя қилувчи қозоқ-испан тарихий драмаси «La tregua» («Сулҳ») прокатга чиқмоқда. Фильм реал воқеаларга асосланган: Қарағандадаги Спасск-99 лагерида Иккинчи жаҳон уруши даврида испан аскарлари жойлаштирилган. Испаниядаги фуқаролар урушидан сўнг улар СССРга келиб қолган ва мажбурий меҳнат лагерларига сургун қилинган.
Espania.Me нинг ёзишича, фильм Испания фуқаролар уруши даврида қарама-қарши томонларда жанг қилган ва тақдир тақозоси билан қозоқ чўлидаги ўша совет лагерига тушиб қолган икки аскар – капитан Рейес (актер Aarón Piper) ва лейтенант Сальгадо (актер Miguel Herrán) ҳақида ҳикоя қилади. Қаттиқ шароитларда омон қолиш учун собиқ душманлар мафкуравий тафовутларни енгиб, бирлашишга мажбур бўлишади.
Фильм режиссёри Miguel Ángel Vivas Netflixдаги испан сериали «La casa de papel» (Қоғозли уй) билан танилган. Суратга олиш ишлари Испаниядаги Басклар ўлкасининг Álava провинциясида бўлиб ўтган. У ерда Совет қамоқ лагери шароитларини қайта тиклаш учун казарма ва тиканли симлардан иборат декорация қурилган. Суратга олиш гуруҳи дашт қишининг нақадар оғир эканини ишончли чиқиши учун тонналаб сунъий қорлардан фойдаланган.
Сан-Себастян кинофестивалида биринчи қозоқ-испан кинофильми махсус намойишда тақдим этилди ва у томошабинлар ва танқидчиларда катта таассурот қолдирди — олқишлар, кўз ёшлари ва қизғин муҳокамалар билан. Қозоғистонлик киноижодкорлар ҳам ушбу лойиҳани юқори баҳоладилар.
«Биз буни ҳақиқатан ҳам нафақат продюсерлар жамоаси учун, балки мамлакатимиз, умуман Қозоғистон учун чинакам ютуқ, деб ҳисоблаймиз», – дейди фильм муваффақияти ҳақида гапирар экан, ижрочи продюсер Даир Каракеев.
Испан ва рус тилларида суратга олинган 150 дақиқалик фильм Netflix ва RTVE кўмагида Испаниянинг Plano a Plano компанияси ҳамда Қозоғистоннинг Spassks99 ва Amanat Capital компаниялари ҳамкорлигида суратга олинган. Дунё бўйлаб прокатдан сўнг фильм Netflix платформасида намойиш этилади.