Apple ва Google Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистондаги фойдаланувчиларни ортида давлат тузилмалари турган хакерлик ҳужумлари таҳдидидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Apple корпорацияси огоҳлантиришлар 2 декабрь куни юборилганини маълум қилди. Қўшимча маълумотлар берилмаган. Компания ҳужумга учраган фойдаланувчилар сони ёқи кимлар кузатув олиб бораётгани ҳақидаги саволларга жавоб бермаган. Apple фақат билдиришномалар кўламини қайд этган: «бугунги кунга қадар 150 дан ортиқ мамлакатлардаги фойдаланувчиларни огоҳлантирдик».
iPhone ишлаб чиқарувчисининг баёноти Googleнинг 3 декабрдаги хабаридан кейин эълон қилинди. Компания Intellexa жосуслик дастури таъминоти (ДТ) томонидан нишонга олинган барча маълум фойдаланувчиларга билдиришномалар юборган.
Google маълумотларига кўра, кузатув кампанияси «турли мамлакатлардаги бир неча юз аккаунтларни» қамраб олган. Ҳужумлар аниқланган мамлакатлар рўйхатига Покистон, Қозоғистон, Ангола, Миср, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Тожикистон киради.
Google ўз хабарида жосуслик дастури ишлаб чиқарувчиси мақомини таъкидлаб, АҚШ ҳукумати санкцияларига дучор бўлган Intellexa киберразведка компанияси «чекловларни четлаб ўтиб, гуллаб-яшнаётганига» урғу беради.
Бундай огоҳлантиришлар илгари оммавий ахборот воситаларида шов-шув келтириб чиқарганди. Улар Европа Иттифоқи каби давлат идоралари томонидан терговлар қўзғатилишига туртки бўлган, зеро уларнинг юқори лавозимли амалдорлари ҳам жосуслик дастурлари нишонига айланганди. Бундан ташқари, бундай огоҳлантиришлар «кўпинча жосуслик дастурларини суиистеъмол қилиш учун ҳақиқий жавобгарликка олиб келиши мумкин бўлган бир қатор текширувлар ва кашфиётлар бошланиши учун биринчи қадами бўлиб хизмат қилади».
ℹ️ Intellexa — бу 2019 йили собиқ Исроил ҳарбий разведкаси ходими Таль Дилиан томонидан асос солинган хусусий тижорат жосуслик дастурлари ишлаб чиқарувчиси. Уларнинг маҳсулоти Predator ҳукумат идоралари томонидан смартфонларни яширин бузиш кириш учун ишлатилаётгани билан машҳур.
Масалан, онлайн реклама орқали ўрнатилгандан сўнг, Predator жабрланувчининг қурилмасига, жумладан, шифрланган хабар алмашиш иловаларига (Signal, WhatsApp), камерага, микрофонга, геолокацияга ва паролларга эгасининг хабарисиз тўлиқ кириш имкониятига эга бўлади. Сизиб чиққан маълумотлар шуни кўрсатадики, Intellexa ходимлари мижозлар тизимлари ва тўпланган маълумотларга масофадан кириш имконияга эга бўлган бўлишлари мумкин.
2024 йили АҚШ ҳукумати Intellexaга нисбатан ўз дастуридан Америка амалдорлари ва журналистларига қарши фойдалангани учун санкциялар қўллади. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг сўзларига кўра, компания технологияси Қозоғистон ва Миср каби бир қанча мамлакатларда мухолифат ва фаолларни зимдан кузатиб бориш учун ишлатилган. Чекловларни четлаб ўтиш учун компания турли юрисдикциялардаги юридик шахсларнинг мураккаб тузилмасидан фойдаланади.
Мутахассислар фойдаланувчиларга ҳаволалар бўйича ўтишда, файлларни юклаб олишда ва номаълум манбалардан олинган рекламалар билан ишлашда эҳтиёт бўлишни тавсия қиладилар.



