Ўзбекистонга пул ўтказмалари салкам 19 миллиард долларни ташкил этди

kun.uz сайти фотосурати

2025 йили Ўзбекистонга чет элдан 18,9 миллиард доллар ўтказилди, бу 2024 йилга нисбатан 27,2% га кўп, ўшанда пул ўтказмалари 14,8 миллиард долларни ташкил этганди. Марказий банк статистикасида шундай маълумотлар келтирилган, деб хабар беради «Газета.uz».

Таъкидланишича, регулятор таҳлилчилари дастлаб трансчегаравий транзакциялар 10-12% га ўсишини кутишган, аммо кейинчалик прогнозларини 15-18% га янгилаган. Бироқ, пул ўтказмаларининг ўсиши охир-оқибат салкам 30% га етган.

Марказий банк маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатга хорижий пул ўтказмаларининг энг юқори ҳажми июль ва август ойларига тўғри келган — мос равишда 1,97 миллиард доллар ва 1,9 миллиард доллар бўлган. Сентябрь ва октябрь ойлари ҳам бу борада кўрсатгичлар ёмон бўлмаган.

Молиявий регулятор мутахассислари таъкидлашича, пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши асосан ташқи омилларга боғлиқ бўлган. Буларга Ўзбекистоннинг асосий ҳамкор давлатлари миллий валюталарининг, биринчи навбатда Россия рублининг мустаҳкамланиши, шунингдек, меҳнат мигрантларининг бошқа мамлакатларга оқимининг кўпайиши киради.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2025 йили мамлакатда хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш ўртасидаги ижобий фарқ 9,7 миллиард долларни ташкил этган, бу ундан аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баравар кўп бўлган.

МБ пул ўтказмалари ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши ички истеъмолни ва валюта бозоридаги барқарорликни таъминловчи муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлайди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йил якунлари бўйича мамлакат аҳолисининг умумий даромадларида чет элдан келган ўтказмалар улуши 16,5 фоиздан 21 фоизгача ошган, айрим ҳудудларда эса бу кўрсаткич 30 фоиздан юқори бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ