«КазТАГ» бош муҳаррири Амир Касеновга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у қамоққа олинди. Бунга унинг уй қамоғи шартларини бузгани сабаб бўлди, деб хабар беради Алмали туман суди матбуот хизмати.
Суд маълумотига кўра, 2025 йил 24 декабрда била туриб ёлғон ахборот тарқатишда айбланаётган Касеновга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Унга интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, хат-хабар олиш ва жўнатиш, шунингдек шаҳар телефонини ҳам қўшган ҳолда ҳар қандай алоқа воситалари орқали мулоқот қилиш ва ёзишмалар олиб бориш тақиқланган. 2026 йил 5 июнда жиноят иши судга келиб тушганидан кейин ҳам мазкур эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилган эди.
«Бироқ А. Касенов 2026 йил 2 июнда ОАВ саҳифасида кўрилаётган жиноят ишига оид шахсий видео мурожаатни жойлаштирган ва шу билан уй қамоғи шартларини бузган. Шунингдек, 2026 йил 15 июнда интернет ресурсларида жиноят иши бўйича медиацияга тааллуқли яна бир шахсий видео мурожаати эълон қилинган», — дея изоҳ берган суд.
Бундан ташқари, хабарда қайд этилишича, Касенов 11 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисига келмаган ва шу билан «суднинг биринчи чақирувига биноан келиш мажбуриятини бузган».
Унинг иши бўйича навбатдаги суд мажлиси 22 июнга белгиланган.
Кейинроқ KazTAG агентлиги бош муҳаррир очлик эълон қилганини маълум қилди. «Мени тирик ҳолимда устимдан ноқонуний ҳукм чиқаришингизга йўл қўймайман. Жасадимни суд қиласизлар. Бу суд эмас, кўзбўямачилик!», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.
«КазТАГ» бош муҳаррири Амир Касенов ва агентлик бош директори Асет Матаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида 2025 йил 8 декабрда маълум бўлганди. Тергов Freedom Finance компаниясининг аризаси асосида бошланган. Касенов ва Матаевга Қозоғистон Жиноят кодексининг 274-моддаси («Атайин ёлғон ахборот тарқатиш») бўйича айблов қўйилган.
Жиноят иши қўзғатилишига агентликнинг ўзларини Freedom Finance ходимлари ҳаракатларидан жабрланган шахсларга оид материаллари асос бўлган. Таҳририят ушбу материаллар фактлар ва барча томонлар изоҳларига асосланганини билдирган. Компания эса ахборот бузиб кўрсатилганини таъкидлаган.
Март ойида Асет Матаевга нисбатан жиноий таъқиб тугатилган. Июнь ойи бошида Амир Касенов уй қамоғида бўлган вақтида Қасим-Жомарт Тўқаевга видео мурожаат йўллаган. У жиноий таъқибни касбий фаолияти билан боғлаб, процессуал ҳуқуқлари кўп маротаба бузилганини маълум қилган.



