Мирзиёев ва Штайнмайер Ўзбекистонда Volkswagen заводи ва бир қатор лойиҳаларни ишга туширди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкент шаҳрида Volkswagen автомобилларини йирик узелли йиғиш заводини ишга туширди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Автомобиль заводидан ташқари, Андижон вилоятида логистика маркази қурилиши, суюқ маиший ювиш воситалари ишлаб чиқариш, темир йўл соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ҳамда замонавий имтиҳон марказларини очиш бўйича лойиҳалар ҳам ишга туширилди.

Лойиҳалар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида тор ва кенгайтирилган таркибда ўтган олий даражадаги музокаралар доирасида ишга туширилди. Томонлар Ўзбекистон–Германия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга оид муҳим масалаларни муҳокама қилди. Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайернинг Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Музокараларнинг асосий мавзуси савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 1,4 миллиард доллардан ошди, жорий йил бошидан буён эса яна 5 фоизга ўсди. Германиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 2025 йилда 2 миллиард долларга етди. Май ойида Тошкентда ўтказилган Германия иқтисодиёти кунлари ҳамда Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг 10-йиғилиши якунлари бўйича умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган инвестиция ва савдо битимлари пакети имзоланди.

Президентлар саноат, энергетика ва «яшил» иқтисодиёт, транспорт ва логистика, кончилик ва тўқимачилик саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш режаларини тасдиқладилар.

Музокаралар якунлари бўйича Шавкат Мирзиёев ва Франк-Вальтер Штайнмайер қўшма баёнот қабул қилди. Шунингдек, Ўзбекистонда барқарор шаҳар ривожланиши лойиҳаларини амалга ошириш учун грант маблағлари ва имтиёзли молиялаштириш тўғрисидаги битимлар имзоланди. Шундан сўнг икки мамлакат президентлари Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экишди.

Ўзбекистонга расмий ташрифининг иккинчи куни — 18 июнь куни Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ислом цивилизацияси маркази ва Günter Papenburgга ташриф буюради. Шунингдек, у малакали кадрлар миграциясига бағишланган тадбирда иштирок этади. Ушбу тадбир доирасида стажёрлар, Германия компаниялари вакиллари ҳамда инструкторлар билан учрашув ўтказиши режалаштирилган.

ℹ️ Volkswagen ва «Узавтосаноат»нинг Alyans Auto қўшма корхонаси ўртасида Ўзбекистонда йирик узелли йиғишни (SKD) йўлга қўйиш бўйича келишув IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланди. Йиғиш жараёни Хитойдан келтириладиган етказиб беришлар асосида амалга оширилади, логистик яқинлик эса бозорга самарали хизмат кўрсатиш ҳамда углерод изини камайтириш имконини беради. «Ўзавтосаноат» бошқарув раиси Улуғбек Рўзиқулов маълум қилишича, немис брендининг бир вақтнинг ўзида еттита модели ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Автомобиллар фақат Ўзбекистон ички бозорига эмас, балки МДҲ давлатлари, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларига ҳам етказиб берилади.

Илгари ҳам Volkswagen Ўзбекистон бозорида фаолият юритган. 2020 йилда «Узавтосаноат» ва Volkswagen Group Rus Жиззах автозаводи негизида Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш бўйича келишув имзолаган. Ўша йилнинг ёзида Volkswagen автомобилларининг сотуви бошланган, кузда эса концерн таркибига кирувчи Škoda машиналари ҳам бозорга чиқирилганди. Бироқ 2023 йилда Volkswagen Group Россиядаги ўз бизнесини “Авилон” автодилерига сотган.

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда