Германия Президенти Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Франк-Вальтер Штайнмайер Ислом цивилизацияси марказида. ИЦМ фотосурати

Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва унинг рафиқаси Эльке Бюденбендер Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Олий мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов кутиб олди.

Ташриф давомида Федерал Президент ва унинг рафиқаси Марказнинг асосий музей экспозициялари ҳамда 550 ўринга мўлжалланган замонавий анжуманлар зали билан танишди. Меҳмонларга Қуръони карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Ўзбек хонликлари, XX аср тарихи ҳамда “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс” экспозициялари орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маърифий мероси узвий тарзда намоён этилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Олий мартабали меҳмон экспозициялар билан танишиш жараёнида ҳар бир бўлим мазмунига алоҳида қизиқиш билдирди. Айниқса, исломдан аввалги даврга оид асл тарихий ашёлар, қадимий маданий қатламларнинг илмий асосда очиб берилиши ҳамда тарихий мероснинг замонавий рақамли технологиялар орқали намойиш этилиши унда катта таассурот қолдирди.

Штайнмайер Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташрифдан олган таассуротлари ҳақида сўз юритаркан, уни муҳим илмий майдон деб атади.

«Ислом цивилизацияси маркази ҳақиқатан ҳам илмий марказ бўлиб, Марказий Осиёнинг исломгача бўлган даври ва ислом цивилизацияси тарихини жуда таъсирчан тарзда намоён этади. Биз бу ерда Ўзбекистоннинг бой маданияти, кўп асрлик тарихи ва цивилизацион мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик», — деди Германия президенти.

У шунингдек, Ўзбекистоннинг Европа ва Осиё ўртасидаги боғловчи кўприк сифатидаги муҳим ўрнини ҳам алоҳида таъкидлади.

«Шунингдек, Германия нуқтаи назаридан бу минтақа Европа ва Осиёнинг кенг ҳудудлари ўртасидаги ўзига хос кўприкдир. Ўзбекистон эса Марказий Осиёда ушбу кўприк вазифасини ўз тараққиёт йўли ва сиёсатида доимо намоён этиб келган давлатлардан биридир», — деди Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер.

Франк-Вальтер Штайнмайер Ислом цивилизацияси марказига Ўзбекистонга 2026 йил 17–18 июнь кунлари амалга оширган расмий ташрифи доирасида келди. Ташриф ўзбек-немис ҳамкорлигини ривожлантиришга бағишланган бўлиб, сиёсий мулоқот, иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси, таълим ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни қамраб олади.

Германия Федерал Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокараларни алоҳида қайд этиб, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик, бизнес ва маданий алмашинув учун янги имкониятларни очмоқда.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда