Ашхобод Каспий денгизидаги лойиҳалар бўйича Малайзиянинг Petronas компанияси билан ҳамкорликни яна ўн йилларга узайтиради

abc.az сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов давлат концерни Türkmennebitга Малайзиянинг Petronas Carigali (Turkmenistan) Sdn Bhd ва давлат корхонаси Hazarnebit билан Каспий денгизининг Туркманистон секторидаги лицензия майдонларини ўзлаштириш бўйича янги келишув тузишга рухсат берди. Бу ҳақда давлат ахборот агентлиги ТДХ хабар қилди.

Ҳужжат Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг Ашхободга ташрифи фонида имзоланган. Малайзия оммавий ахборот воситалари нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни мазкур ташрифнинг асосий мавзуларидан бири сифатида қайд этган эди. Хусусан, Малайзиянинг Туркманистондаги элчиси Моҳд Суҳаими Аҳмад Тажуддиннинг маълум қилишича, гап Petronasнинг Туркманистондаги фаолиятини яна 20–25 йилга узайтириш ҳақида бормоқда.

Дипломатнинг таъкидлашича, Petronas компанияси мамлакатда 1996 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда ва шу вақтгача Туркманистон иқтисодиётига тахминан 11,8 миллиард доллар инвестиция киритган.

Туркманистон оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги қарор Каспий денгизидаги лицензия майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда мамлакат нефть-газ соҳаси олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Шу билан бирга, расмий хабарларда гап Каспий денгизидаги қайси аниқ лицензия майдонлари ҳақида кетаётгани очиқланмаган. Аслида, бундай лицензия ҳудудлари денгиз шельфининг ажратилган участкалари бўлиб, уларда компаниялар геологик-қидирув ишларини олиб бориши, нефть, газ ёки конденсат захираларини баҳолаши мумкин. Агар захираларнинг тижорий жиҳатдан самарали экани тасдиқланса, кейинчалик конларни саноат миқёсида ўзлаштириш босқичига ўтилади. Petronas Туркманистонда қарийб 30 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Шу боис, кузатувчилар фикрича, янги келишув компания учун аввал ўзлаштирилмаган ёки янги таклиф этилган блокларни қамраб олиши мумкин.

Туркманистон Каспий денгизи шельфида ҳозирнинг ўзида бир нечта хорижий энергетика компаниялари фаолият юритмоқда. Уларнинг энг йириклари сифатида Petronas ва Dragon Oil тилга олинади. Dragon Oil 2000 йилдан буён Челекен шартнома ҳудудининг оператори ҳисобланади. 2025 йилда эса Block I лойиҳасига XRG ҳам қўшилган. Бу компания ADNOCнинг халқаро инвестиция бўлинмаси ҳисобланади. Шунингдек, Block III билан боғлиқ Buried Hill лойиҳасини ҳам алоҳида қайд этиш мумкин. Бироқ, мазкур лойиҳа Serdar/Dostluk кони билан боғлиқ бўлиб, Туркманистон ва Озарбайжон ўртасидаги аввалги баҳслар туфайли нисбатан мураккаб тарихга эга.

АҚШ Энергетика Ахбороти Бошқармаси (EIA) Каспий минтақаси ҳисоботида Туркманистон тасдиқланган табиий газ захиралари бўйича дунёда бешинчи ўринда туриши таъкидланган – 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра тахминан 11,3 триллион кубометр. 2023 йилда мамлакат тахминан 85 миллиард кубометр қуруқ газ ишлаб чиқарган ва бу уни Каспий минтақасидаги энг йирик газ экспортчисига айлантирган.

Туркманистон газ экспортининг асосий йўналиши ҳозирча Хитой бўлиб қолмоқда. EIA маълумотларига кўра, Туркманистондан Хитойга қувурлар орқали етказиб бериладиган газ ҳажми, жумладан Мараказий Осиё–Хитой маршрути орқали амалга оширилаётган экспорт 2022 йилда тахминан 34 миллиард куб метрга етган. EIA таянаётган таҳлилчиларнинг фикрича, тўртинчи тармоқ — D линияси қуриб битказилгандан кейин Туркманистоннинг Хитойга газ экспорти йилига тахминан 65 миллиард куб метргача ошиши мумкин.

Шу билан бирга, Ашхобод таъминот йўналишларини диверсификация қилишга интилмоқда. EIA потенциал йўналишлар қаторида Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга ТАПҲ газ қувурини, Эрон орқали Ироққа своп етказиб бериш ва Озарбайжон ва Туркия орқали Европага олиб борадиган Транскаспий йўналишини тилга олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ