Пентагон ва Ўзбекистон Миллий гвардияси икки йиллик ҳарбий ҳамкорлик режасини тасдиқлади

uzdaily.uz сайти фотосурати

Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон 2026–2027 йиллар учун икки томонлама ҳарбий ҳамкорликнинг батафсил режасини келишиб олди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар берди.

Ҳужжат АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони ўринбосари, генерал-майор Майкл Лини ва Ўзбекистон Миллий гвардияси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида тасдиқланган.

Америка томони мудофаа соҳасида Тошкент билан узоқ йиллик ва муваффақиятли шерикликдан фахрланишини билдирди. Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда республика ҳарбий хизматчиларининг касбий маҳоратини оширишга қатъий содиқ эканини тасдиқлади.

Музокаралар давомида томонлар биргаликда амалга оширилган ишлар натижаларини батафсил таҳлил қилди. Муҳокамаларда асосий эътибор яқин истиқболдаги стратегик устувор йўналишларни келишиб олишга қаратилди. Тасдиқланган режа икки йилга мўлжалланган бўлиб, мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб беради.

Кун тартибидаги алоҳида масала сифатида Ўзбекистон мутахассислари учун ихтисослашган таълим имкониятларини кенгайтириш кўриб чиқилди. Бу борада АҚШ томонидан мувофиқлаштириладиган Халқаро ҳарбий таълим ва тайёргарлик дастури (IMET) салоҳиятини янада фаолроқ жалб этиш назарда тутилмоқда. Ушбу дастур хорижий ҳарбий кадрларнинг малакасини оширишни кўзда тутади.

Учрашув иштирокчилари тўпланган тажриба билан тизимли алмашинув ва сифатли ихтисослашган таълим куч ишлатар тузилмалар учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда фундаментал аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Томонлар фикрича, бу йўналишдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Пентагонда бу чора-тадбирлар хавфсиз келажакни шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

ℹ️ АҚШ ва Ўзбекистон ҳарбий маҳкамалари ўртасидаги муносабатлар 2000-йиллар бошидан бери узилишлар билан ривожланиб келмоқда. Ҳамкорликнинг фаоллашуви 2001 йил 11 сентябрь террор ҳужумларидан сўнг кузатилганди, ўшанда Ўзбекистон АҚШга Афғонистондаги операциялар учун Қарши-Хонобод аэродромидан фойдаланиш имконини берганди. Бироқ 2005 йилда, Андижон воқеаларидан сўнг, Тошкент АҚШ ҳарбий кучларидан мамлакатни тарк этишини талаб қилди. Ҳамкорликни қайта тиклаш 2018 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи ортидан бошланди. Ўшанда Ўзбекистон раҳбари АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан учрашиб, ҳарбий ҳамкорликка қизиқиш билдирганди. Оқ уй томонидан эса Ўзбекистоннинг АҚШ ҳарбий техникасини харид қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани маълум қилинди. Расмий баёнотда республика «минтақадаги муҳим геостратегик давлат» сифатида таърифланган.

2019 йил январь ойида Ўзбекистон махсус операциялар кучлари ҳарбий хизматчилари илк бор АҚШда Миссисипи штати Миллий гвардияси томонидан ўтказилган «Жанубий зарба» қўшма ўқув машқларида иштирок этди. Шундан бери ўзбек ҳарбийлари мунтазам равишда қўшма машқларда қатнашиб келмоқда, шунингдек, IMET дастури Ўзбекистон учун камида 2000 йилдан бери амал қилиб келади. 2024 йили томонлар Афғонистондан қўшинлар чиқарилгандан сўнг республикага олиб ўтилган АҚШ авиация техникасига биргаликда техник хизмат кўрсатиш бўйича келишувга эришдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ