Қозоғистон Энергетика вазирлиги: Қирғизистондан бензин етказиб бериш бўйича сўров келиб тушди, Россиядан эса бундай сўров бўлмаган

Қайирхан Тутқишбаев. primeminister.kz сайти фотосурати

Қирғизистон Қозоғистонга ёқилғи-мойлаш материаллари (ЁММ) етказиб бериш бўйича расман мурожаат қилди. Бу ҳақда ҳукуматдаги брифингда Энергетика вазири ўринбосари Қайирхан Тутқишбоев маълум қилди, деб хабар берди Vласть.kz.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, сўров Энергетика вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда. Бироқ, у эҳтимолий етказиб бериш ҳажмлари ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Россия ва Қирғизистонда бензин танқислиги кузатилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бераркан, Тутқишбаев Россия томонидан ёқилғи етказиб бериш бўйича ҳеч қандай расмий мурожаат келиб тушмаганини таъкидлади.

Аввалроқ Reuters агентлиги манбаларга таяниб, Москва Қозоғистонга ички ёқилғи танқислигини юмшатиш мақсадида АИ-92 маркали бензиндан қарийб 50 минг тонна етказиб бериш бўйича мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ, Қозоғистон расмийлари бундай мурожаат бўлганини бир неча бор рад этган.

Июль ойи бошида Қирғизистон ёқилғи танқислиги эҳтимоли юзасидан хавотирлар фонида ёқилғи етказиб бериш барқарорлигини таъминлашда ёрдам сўраб Қозоғистон, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистонга мурожаат қилгани хабар қилинган эди. Ўшанда республика Энергетика вазирлиги мамлакат ёқилғи-мойлаш материалларининг асосий қисмини импорт қилишини, асосий етказиб берувчи эса Россия эканини эслатганди. Вазирлик маълумотларига кўра, йиллик истеъмол ҳажми қарийб 1,6 миллион тонна бўлган ЁММнинг 90–95 фоизи Россиядан импорт қилинади, бензин бўйича эса Россия етказиб беришларининг улуши деярли 100 фоизни ташкил этади.

Шу билан бирга, Россия узоқ вақтдан сўнг биринчи марта ўзи ёқилғи етишмовчилигига дуч келган давлат ҳолатига тушди. Украина томонидан нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган зарбалар фонида Москва нефть маҳсулотларини экспорт қилишга қўйилган чекловларни кучайтирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ