Тожикистон Олий суди: Душанбе аэропортининг собиқ директори 1 миллиард сомони миқдоридаги зарарни қоплади ва жарима тўлади

Исматулло Абдуллозода ўртада. khovar.tj сайти фотосурати

Душанбе халқаро аэропортининг собиқ бош директори Исматулло Абдуллозода қарийб 1 миллиард сомони (108 миллион доллар) маблағни ўзлаштиришда айбланган бўлиб, у етказилган зарарни тўлиқ қоплади ҳамда 165 минг сомони (тахминан 18 минг доллар) миқдорида жарима тўлади. Бу ҳақда 21 июль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тожикистон Олий суди раиси Рустам Мирзозода маълум қилди, деб хабар беради «Азия-Плюс» нашри.

Абдуллозода ҳозир озодликда. Унга тўрт йил давомида раҳбарлик лавозимларида ишлаш тақиқланган.

2016 йилдан буён аэропорт бош директори лавозимида ишлаб келган Абдуллозода 2025 йил май ойида қўл остидаги ходимлари билан бирга қўлга олинган. Жиноят иши бўйича жами 22 нафар шахс айбланувчи сифатида жалб этилган. Тергов маълумотларига кўра, айбланувчилар бир кунлик фирмалардан фойдаланиб, товар ва материаллар хариди ниқоби остида аэропортнинг 1,245 миллиард сомони (тахминан 133 миллион доллар) маблағини ноқонуний равишда четга чиқариб, ўзлаштиришган. Собиқ директор шахсан етказган зарар миқдори 961 миллион сомони деб баҳоланган бўлиб, у ушбу маблағни тўлиқ қоплаган.

Абдуллозода қўлга олинганидан тўрт ой ўтиб, у ва аэропортнинг яна беш нафар собиқ ходими мамлакатни тарк этмаслик ҳақида тилхат асосида озодликка чиқарилди. Жорий йил июнь ойи бошида ушбу беш нафар собиқ ходимга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Улар йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштириш ва талон-торож қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, шунингдек, ҳужжатлар ҳамда давлат мукофотларини ноқонуний равишда бошқа шахсларга беришда айбдор деб топилди. Улар Тожикистон давлат бюджетига жарима сифатида жами 798 минг сомони (тахминан 86 минг доллар) тўлади ва озодликда қолдирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ