«Ахуал сегодня» YouTube-канали муаллифи Азамат Омаров адоват қўзғатиш иши бўйича ҳибсга олинди

Азамат Омаров. Видеодан скриншот

Қозоғистонда «Ахуал сегодня» YouTube-канали муаллифи Азамат Омаров икки ой муддатга ҳибсга олинди. У Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-моддаси — «Ижтимоий, миллий, уруғ-аймоқ, ирқий, табақавий ёки диний адоват қўзғатиш»да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжон Торегожина ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Ҳибсга олинишидан бироз олдин «Ахуал сегодня» YouTube-каналидаги сўнгги «Обнуление + муқаддас Нурсултон масжиди» деб номланган материал ўчириб ташланган. Шунга қарамай, ушбу видео блогернинг Telegram-каналида ҳали ҳам мавжуд. Таъкидланишича, видео муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги шикоятдан сўнг блокланган.

Унда Азамат Омаров Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ)нинг мамлакатдаги бош масжидга биринчи президент Нурсултон Назарбоев номини бериш ҳақидаги қарорини танқид қилган. Блогернинг фикрича, бундай қадам «аҳолини диндан секин, аммо ишончли равишда узоқлаштириш йўли» ҳисобланади.

Бундан ташқари, Омаров Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг президентлик муддатларини «ноллаштириш» ташаббуси ҳақида фикр билдириб, яхши президент «узоқ вақт бўлиши керак», дея кинояли муносабат билдирган.

Шунингдек, блогер Россиядаги ёқилғи танқислиги мавзусига ҳам тўхталиб, бу ҳолат билан Қозоғистондаги сиёсий вазият ўртасида ўхшашликлар ўтказган.

Журналист Динара Егеубаева ушбу чиқиш ҳақида фикр билдириб: «Мен уни кўрдим. Азамат яккаҳокимлик тарафдорларини жуда қаттиқ танқид қилди», — деди.

Азамат Омаров ижтимоий-сиёсий мавзуларда видеороликлар эълон қилиши билан танилган. Жиноят иши қўзғатилишининг расмий сабаблари, шунингдек, айбловлар унинг нашрлари мазмуни билан боғлиқлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳозирча изоҳланмаган.

Бу Қозоғистонда сатирик блогерларга нисбатан қўлланган биринчи жиноий таъқиб ҳолати эмас. 2025 йил апрель ойида сатирик Qaznews24 Instagram саҳифаси маъмури Темирлан Енсебек миллатлараро адоват қўзғатишда айбланиб, беш йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган эди. Бунга россиялик телебошловчи Тина Канделаки ҳақида «Йоу, орыстар» қўшиғидан фойдаланилган сатирик пост сабаб бўлган. Енсебекнинг ўзи ушбу нашр фақат сатирик хусусиятга эга бўлганини ва нафрат ёки адоват қўзғатишга қаратилмаганини таъкидлаган. Озодликни чеклаш жазосидан ташқари, суд унга журналистик, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқ ҳимояси фаолияти билан шуғулланишни ҳам тақиқлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ