Путин хорижликларни ўз оиласини таъминлаши ва даромадлари ҳақида ҳисобот беришига доир қонунни имзолади

sputnik.by сайти фотосурати

Россияда меҳнат қилаётган хорижий мигрантлар ўз даромадлари ҳақида ҳокимият органларига маълум ҳужжатларни тақдим этган ҳолда ҳисобот беришга мажбур бўлади. Шу тариқа, хорижликлар ўзини ва оиласини таъминлай олишини тасдиқлаши керак, акс ҳолда улар мамлакатдан чиқариб юборилади. Россия президенти Владимир Путин 26 июль куни амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритувчи федерал қонунни имзолади, деб хабар беради ТАСС.

Қайд этилишича, янги қоидаларнинг аксарияти 2027 йил 1 январдан кучга киради.

Ўзгартишларга мувофиқ, мигрантлар Россияда уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини яшаш минимуми даражасидан кам бўлмаган миқдорда таъминлаши керак бўлади. Бу миқдор ҳудудий коэффициент ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Акс ҳолда, хорижликка берилган патент ёки ишлаш рухсати узайтирилмайди. Шундан сўнг у 15 кун ичида вояга етмаган фарзандлари билан бирга Россия ҳудудини тарк этишига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, яшаш минимуми яшаш ҳудудига қараб фарқ қилади. Ўртача ҳисобда бу кўрсаткич меҳнатга лаёқатли аҳоли учун 20,6 минг рублни (265 доллар) ташкил этади. Ҳудудий коэффициент — оғир иқлимий ёки махсус шароитларда яшашни қоплаш мақсадида иш ҳақига қўшиладиган устама ҳисобланади. У Россия Федерацияси субъектига қараб 1,15 дан 2 гача бўлган шкала асосида ҳисобланади.

Қонунда мигрантларнинг даромадлари ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши белгиланган. Жумладан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб солиқ органлари бундай маълумотларни автоматик равишда Россия Ички ишлар вазирлигига юборишни бошлайди.

Шу билан бирга, хорижликлар даромадлари ҳақида мустақил равишда ҳисобот бериши керак бўлади. Улар ҳар йили Россия Ички ишлар вазирлигига яшаш жойи ҳақида хабарнома тақдим этиш билан бир қаторда, қуйидаги ҳужжатлардан бирини ҳам тақдим этади:

👉 ҳисобот даври учун даромад тўғрисидаги маълумотнома;

👉 солиқ декларациясининг нусхаси;

👉 жисмоний шахслар даромад солиғи (НДФЛ) тўланганини тасдиқловчи ҳужжат.

Россия ҳокимияти вақтинча яшаш ва доимий яшаш рухсатномларини бекор қилиш асослари рўйхатини ҳам кенгайтирди. Жумладан, мигрантнинг даромадлари ҳақида маълумот бўлмаса ёки унинг даромади оиласининг ҳар бир аъзоси ҳисобида ҳудудда белгиланган яшаш минимумидан кам бўлса, мамлакатда қолиш муддати қисқартирилади. Ушбу қоида жисмоний шахслар қўлида ишлаётган хорижликларга ҳам татбиқ этилади.

Тахмин қилинишича, меҳнат мигрантларининг фарзандлари Россияда фақат ота-онасига берилган патент амал қиладиган давр мобайнида ва хорижлик шахс ўзи учун ҳамда ҳар бир фарзанди учун жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича аванс тўловини амалга оширган тақдирдагина қолиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, мигрантларнинг фарзандлари 18 ёшга тўлганидан сўнг 30 кун ичида ёки патент олиш учун ҳужжат топшириши, ёки Россия Федерацияси ҳудудини тарк этиши керак бўлади.